ПРЕЗИДЕНТ ҲУЗУРИДА МАКТАБ ТАЪЛИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БОРИШИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ (+ВИДЕО)

26 май 2022 йил
image

25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида мактаб таълимидаги ислоҳотларнинг бориши муҳокама қилинди.

Маълумки, яқинда, давлатимиз раҳбарининг 11 майдаги фармони билан 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Унда илғор хорижий тажриба асосида таълим сифатини ошириш, ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, инфратузилмани яхшилаш, соҳани рақамлаштириш бўйича долзарб йўналишлар белгиланган. Бу йўналишларнинг ҳар бири ўнлаб аниқ вазифалардан иборат. Улар ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ишлаб чиқилган “йўл хариталари” асосида амалга оширилмоқда.

photo2022-05-2520-28-37.jpg

Йиғилишда халқ таълими вазири шу борадаги ишлар ва келгуси ўқув йилига мўлжалланган режалар тўғрисида ҳисобот берди.

Аввало, янги миллий дастурни таълим жараёнига жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, бу йил 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун, 2023-2024 йилларда 4, 5, 8, 9 ва 11-синфлар учун дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалари яратилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун хорижий экспертлар ва тадқиқотчилардан иборат ишчи гуруҳини шакллантириб, дарсликларни сифатли тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Миллий дастурда ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу юксак билим ва маҳоратли, замонавий кадрлар тайёрлашни тақозо этади. Шу мақсадда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

photo2022-05-2520-28-38.jpg

Йиғилишда педагогик таълимни трансформация қилиш, университетга қабулни такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ошириш ва ўқишни амалиёт билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва уларни янги методикага ўргатиш ҳақида сўз борар экан, Абдулла Авлоний номидаги миллий тадқиқот институти фаолиятини кенгайтириб, уни ҳудудлардаги педагогика ўқув юртлари билан узвий боғлаш зарурлиги таъкидланди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб кимё, биология, физика ва математика ўқитувчилари учун касбий сертификатлаш тизими йўлга қўйилиши белгиланди.

Президентимиз мактаб директорларини тўғри танлаш, уларнинг касбий ва бошқарув маҳоратини ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталди. Таълим билан бирга тарбия ҳам муҳимлигини таъкидлади.

– Маънавият мактабдан бошланади. Мактабларда таълим сифатига қандай эътибор берсак, маънавиятга ҳам шундай эътибор беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда ўқувчиларнинг дунёқараши ва иқтидорини оширадиган, турли ёшдаги синфлар учун мўлжалланган маънавият китоблари яратиш бўйича тавсия берилди.

photo2022-05-2520-28-38-2.jpg

Мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. “Баркамол авлод” мактаблари фаолияти ва инфратузилмасини яхшилаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш, уларда “STEAM” йўналишлари бўйича тўгараклар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu