ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ЯНГИ ТАЪЛИМ МАЗМУНИ

20 декабрь 2021 йил
image

Шавкат Миромонович ташаббуслари билан ишлаб чиқилган "2017 — 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да таълим ва фан соҳасини ривожлантириш алоҳида устувор масала сифатида келтирилган. Бу ҳужжатда “таълим” сўзига 138 маротаба дуч келасиз. Хусусан, таълим олдига меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилган. Бунда умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш белгилаб берилган. Давлат раҳбари чиқишлари давомида кўп маротаба бугунги ўқитиш дастурлари ва методикаси эскиргани, янги таълим мазмуни қисқа фурсатда Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиши хусусида тўхталиб ўтганлар. Хусусан, 2020 йилда Президент томонидан Халқ таълими вазирлиги олдига дунёдаги замонавий ўқув дастурлари асосида Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.

"Биз қандай фуқарони хоҳлаяпмиз?"

2020 йилда Халқ таълими вазирлигида таълим стандартлари, ўқув дастурлари, ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимини қамраб олган Миллий ўқув дастурини тайёрлашга киришилди. Бу жараёнда ўқувчиларни билимга асосланган жамият учун рақобатбардош қилиб вояга етказиш, уларни ҳаётга тайёрлаш бош шиор қилиб танланди. Аввалги ислоҳотлардан фарқли равишда, бу гал ислоҳотларнинг бош иштирокчиси сифатида ўқитувчилар танланди. Зеро, Учинчи Ренессанс ҳақида тўхталганда, давлат раҳбари устоз-муаллимларни бу янги илм-фан даврининг тўрт таянч устунидан бири дея эътироф этган.

 Кейинги бир йил давомида 246 нафар миллий экспертлар, жумладан 119 нафар мактаб ўқитувчилари, Олий таълимдан 105 нафар профессор-ўқитувчилар, 22 нафар фан методистлари, шунингдек UNICEF ва USAID халқаро ташкилотлари орқали жалб қилинган 16 нафар халқаро экспертлар иштирокида Миллий ўқув дастури лойиҳаси тайёрланди.

Биринчи иш "биз қандай фуқарони хоҳлаяпмиз?" деган саволга жавоб топиш бўлган. Чунки, таълим давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикаси билан боғланса, мактаблардан меҳнат бозорига мос ишчи кучи етишиб чиқади. Таълим ва ислоҳотларнинг узвийлиги, таълим ва янги технологияларнинг боғлангани, ўз навбатида, ишсизликка қарши энг самарали чорадир. Айнан шу нуқтаи назар билан Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга камарбаста бўладиган, керак шароитда вазиятни қўлга олиб, тўғри қарор қабул қиладиган, илғор ғоялари билан иқтисодиётни ривожлантириб, ишчи ўрни яратадиган, ташаббускор ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан улғаядиган фуқаро портрети яратилмоқда.

photo2021-12-1923-59-52.jpg

Ҳар бир фандан ташқи тақриз учун ҳамкор муассасалар белгилаб олинди. Мисол учун, янги математика дастури Фанлар академиясининг Математика институти ҳамда  британиялик экспертлар, она тилининг янги методикаси Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети экспертлари, табиий фанлар дастури Oxford University Press муаллифи Филлиппа Гардом Ҳалм, Ҳелсинки университети профессори Яри Лавонен иштирокида яратилган.

Миллий ўқув дастури доирасида 22 та фан кесимида ўқувчилар ўзлаштириши керак бўлган асосий билимлар қамраб олинди. Мактабда ўқитиладиган фанлар ва мавзулар танқидий, таҳлилий ўрганилди. Ўқувчи ёшидан келиб чиқиб, халқаро тажрибалар, психологик ва санитария нормалари бўйича Миллий ўқув дастурида ҳафталик нормативлар синфлар кесимида қисқарди, босқичма-босқич ўқув юклама соатларини камайтириш чоралари белгилаб олинди. Ўқув дастурида барча синфлар кесимидаги ҳафталик юклама 314 соат этиб белгиланди (2019 йилда – 339). 11 йил учун ўқув юкламаси 10 655 соат (- 849) этиб белгиланди. Шунингдек, барча фан ва синфлар бўйича мавзулар таҳлил қилиниб, 849 та такрорий, мураккаб ва эскирган деб топилган мавзулар мактабгача таълим ёки олий таълимга ўтказилди, дастурдан чиқариб ташланди.

Миллий ўқув дастурида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолашнинг халқаро тадқиқотларига мос мавзулар ҳамда янгича таълим ёндашувлари ўрин олган. Амалиётга йўналтирилган мавзулар 50% га етказилди.

Миллий ўқув дастури ҳар бир фан олдидаги аниқ мақсадни белгилаб берди

Динамик нуқтаи назардан, таълим даражасининг ошиши жамиятда иш ҳақи тенгсизлиги, ишсизлик камайиши Жаҳон банки ўтказган тадқиқотларда исботини топган (Тилак, 1989). Ўқувчиларнинг мактабни меҳнат бозорига хос кўникмалар билан тамомлашлари ҳамда келажакда уларнинг ўзларини иш билан таъминлаш, қўшимча иш ўрни яратишлари ўртасида боғлиқлик мавжуд. Шундан келиб чиқиб, Миллий ўқув дастурида таълимни замон билан боғлашга оид жиҳатларни кўриш мумкин.  

21-аср эҳтиёжларига кўра ўқувчида шаклланиши зарур бўлган кўникмалардан келиб чиқиб, ҳар бир фан олдига аниқ мақсад қўйилди. Мисол учун, ўқувчида Она тили фани орқали оғзаки ва ёзма мулоқот кўникмалари, Математика орқали мантиқий фикрлаш ва муаммоларга ечим топиши, Табиий фанларда тадқиқотчилик кўникмасининг ривожланиши, Тарих фани орқали даврларни солиштира олиши, шунингдек тарихий ҳодисанинг сабаб ва оқибатларини айтиб бериши, Тасвирий санъатда ижодий фикрлаши ва тасаввурини визуал акс эттириши, Информатика фанида “фойдаланувчидан рақамли контент ишлаб чиқарувчи”ни тайёрлаш белгилаб олинган. Миллий ўқув дастурида ўқитиш методикалари ҳар бир фан кесимида ўқувчида когнитив, ижобий хулқ-атвор ва ижтимоий-эмоционал, танқидий ва ижодий фикрлаш, кўп саводлилик (ўқиш, ёзишдан ташқари ахборот технологиялари саводхонлиги ҳамда медиасавохонлик), жамоада ишлаш каби кўникмаларини ривожлантиришга асосланган.

photo2021-12-1923-59-53.jpg

Миллий ўқув дастури олдидаги 5 стратегик вазифа

Миллий ўқув дастурини яратиш жараёнида Халқ таълими ўз олдига қуйидаги 5 муҳим стратегик вазифани белгилаб қўйди.

Биринчидан, мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш суръати асосида таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларини янгилаш ва бу орқали меҳнат бозорига замон талабларига мос кадрларни етиштириб чиқариш.

Иккинчидан, мактаб мавзуларини мактабгача таълим ҳамда олий таълим тизими билан узвий боғлаган ҳолда, ўқитиш методикасини янгилаш. Мисол учун, ўқитишда бугун кенг оммалашган "маъруза методи"дан воз кечиб, ўқувчиларнинг  мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган "лойиҳа асосида ўқитиш", "индивидуал қизиқиш ва қобилиятга асосланган ўқувчига йўналтирилган ўқитиш", "ҳамкорликда ўрганиш", "мустақил ўрганиш", "ўйин орқали ўрганиш" каби ёндашувларни мактаб таълимига жорий қилиш. Бу эса ўқувчиларнинг ҳаётга тайёр бўлишларини таъминлайди.

Учинчидан, фанлараро интеграция ҳамда синфлараро узвийликни таъминлаш. "Фанлараро интеграция" тушунчаси илк маротаба 1997 йилда пайдо бўлган.

Бир мавзуни бир нечта фанлар кесимида ўрганиш таълим мазмунини ўқувчилар учун янада қизиқарли ва фойдали бўлишини таъминлайди. Мисол учун, сув мавзуси доирасида бир вақтнинг ўзида ўқувчидаги биология, география ҳамда физикага оид билимларини мустаҳкамлаш мумкин. Финландия мактабларида бўлганимда ўқувчиларнинг математика, технология, рассомлик ҳамда биологияга оид билимларини синфхонага келтирилган турли меваларни кесиб кўриш жараёнларида ўрганишларига гувоҳ бўлдим. Бу орқали улар борлиқни, жараёнларни ва билимларни яхлит тасаввур қиладилар. Айниқса, лойиҳа асосида ўқитиш методида интеграцион таълим қўл келади. Шунингдек, синфдан синфга ўтганда дастурдаги боғлиқлик ўқувчига аввалги синфдаги билимларини янги билимлар билан осон боғлайдилар.

 Тўртинчидан, ўқитувчининг академик мустақиллигига эришиш.    Ўқитувчилар мустақил ўрганишни таъминлашда муҳим иштирокчилардир.  Бунинг учун уларнинг ўзлари академик нуқтаи назардан мустақил бўлишлари лозим. Яъни, ўқитувчида ўқув жараёнини давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастури асосида мустақил ташкил қилиш кўникмаси шаклланиши зарур. Аммо таҳлиллар бугун аксарият ўқитувчилар учун дарсликлар ягона қолипга айлангани, улар дарсликдаги билимлар билан чегараланиб қолганларини кўрсатмоқда. Бунинг асосий омили янгича билимларни эгаллаш учун зарур замонавий ресурсларнинг етишмаслигидир.

Миллий ўқув дастури асосида ҳар бир фандан "Ўқитувчи китоби"нинг тайёрланаётгани, Халқ таълими тизимида малака оширишнинг янги платформалари ишлаб чиқилаётгани янги таълим мазмуни билан уларни тезкор таништиришнинг муҳим ечимидир.

Бешинчидан, “муаллифлар мактаби”ни шакллантириш ва янги авлод дарсликларини яратиш.

Янги авлод дарсликлари – фанларни ва синфларни боғлайди, ранг-баранг ва ёрқин

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги аксарият дарсликлар бундан 17 йил аввал қисман ўзгартирилган. Улар асосан назарий билимларни қамраб олиб, фактологияга асосланган. Дарсликларнинг "академик тил"га ўтиб кетгани оқибатида ўқувчи контентни тушунишга қийналади. Бунинг асосий сабаби уни яратишда ўқитувчилар салоҳиятидан унумли фойдаланилмаганидир. Шунингдек, синфдан синфга ўтганда дарсликлар мавзуларидаги катта тафовут ўзлаштириш сифатига салбий таъсир қилган.

Методика ва дарсликдаги контентнинг ўзгариши ёд олишга йўналтирилган таълимни қўллаб-қувватлаган, натижада баҳолашда ҳаётий кўникмалар эмас, билим ҳажми муҳим рол ўйнаган.

Миллий ўқув дастурини амалиётга жорий қилиш мақсадида, 2021/2022 ўқув йили учун 1 ва 2-синфлар учун замонавий дарсликлар яратилди. Илк маротаба ҳар бир дарслик учун ўқитувчи методика китоби ҳамда бошланғич синфларда ўқувчи машқ дафтарлари тайёрланди.

2021 йилда танлов асосида саралаб олинган 154 нафар муаллиф иштирокида 326 номда ўқув-методик адабиётлар яратилди. Бу жараёнларга 46 нафар профессор, 101 нафар амалиётчи ўқитувчи, 7 нафар фан методистлари жалб қилинди.

Янги дарсликларни яратиш жараёнида ёш олимлар, тажрибали ўқитувчилардан иборат муаллифлар мактабини шакллантириш ҳам асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Дарсликларни яратишда олимлар билан биргаликда ёш амалиётчи ўқитувчиларнинг иштироки Миллий ўқув дастурида белгиланган мақсадларнинг дарсликларда акс этишига хизмат қилди. Муаллифларнинг ўртача ёши 40-45 ёш. Ўқувчиларга ўйинлар ва видеороликлар орқали дарс бериш учун мультимедиа иловалари ишлаб чиқилмоқда.

Яратилган янги авлод дарсликлари танлаб олинган 14 та таянч мактабда апробациядан ўтказилди. Мазкур жараёнда 40 нафар экспериментатор ўқитувчилар ҳамда 937 нафар ўқувчилар иштирок этдилар.

Шунингдек, ҳудудларда ўқитувчиларни Миллий ўқув дастури ҳамда дарсликлар асосида дарс бериш учун билимларини ошириш бўйича Республика миқёсида 100 нафар тренер-ўқитувчилар тайёрланди. Яратилган малака ошириш курслари орқали 49,1 минг нафар бошланғич синф ўқитувчилари янги методикалар бўйича ўқитилди.

Келгуси йиллардаги янги дарсликларни яратиш, уларни апробациядан ўтказиш ва педагогларни янги методикаларга ўқитиш жараёни давом эттирилади.

2023/2024 ўқув йилигача барча синфлар учун янги авлод дарсликлари босқичма-босқич тайёрланиб, 2025 йилга қадар Миллий ўқув дастури умумтаълим мактабларида амалиётга тўлиқ жорий қилинади.

photo2021-12-1923-59-50.jpg

Таълим ва тинчлик ва тараққиёт қадимдан ёнма-ён юради, учаласи бир-бирига хизмат қилувчи драйвер. YUNESCO тадқиқотларига кўра, бугун сайёрамиздаги 258 миллион нафар бола бошланғич таълимдан маҳрум бўлиб, ўқиш-ёзиш, ҳисоблаш кўникмаларини тугал эгалламаган. Уларнинг аксарияти ҳарбий можаролардан азият чекувчи, таълим тизимига эга бўлмаган ҳудудларда яшайди. Ер сайёраси ўқувчилар таълими учун шундай тангликни бошидан ўтказаётган бир даврда, тинч-осуда Ўзбекистоннинг сўнгги 4 йилда таълимда эришган муваффақиятлари инсонга умид бағишлайди. Янги Ўзбекистонда тинчлик, таълим ва тараққиёт бирлашди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг замирида эса инсон қадри учун узоқни кўзлаган оқилона ислоҳотлар ётади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu