ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДАГИ ТАЪЛИМ СИФАТИ ЮҚОРИ БЎЛМАГАН МАКТАБЛАРДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРАЁТГАН ТОИФАГА ЭГА БЎЛМАГАН ПЕДАГОГЛАР АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИЛАДИ

15 июнь 2021 йил
image

Тошкент вилоятидаги таълим сифати юқори бўлмаган давлат умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тоифага эга бўлмаган олий ва ўрта махсус маълумотли педагог ходимлари аттестациядан ўтказилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2021 йил 3 июндаги 47/25-қ/қ-сонли қўшма қарори билан Тошкент вилоятидаги таълим сифати юқори бўлмаган давлат умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тоифага эга бўлмаган олий ва ўрта махсус маълумотли педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш Низоми ва баҳолаш мезонлари тасдиқланди.

Ушбу қўшма қарорга асосан Тошкент вилоятидаги таълим сифати юқори бўлмаган давлат умумтаълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тоифага эга бўлмаган олий ва ўрта махсус маълумотли педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш Халқ таълими вазирлигида ташкил этиладиган Аттестация комиссияси томонидан ўтказилиши белгиланган.

Аттестация икки босқичда ташкил этилади:

Биринчи босқичда — аттестациядан ўтувчиларнинг ўқув фани бўйича малака (тест) синовлари орқали ташкил этилади. Бунда, тест синовлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим инспекциясининг мутахассислари ҳамда улар шартнома асосида жалб этган экспертлар томонидан тузилган тест саволлари асосида Таълим инспекцияси томонидан ўтказилади.

Тест синовлари 40 та саволдан иборат бўлади, ҳар бир тест саволи учун
1,5 дақиқадан, жами 60 дақиқа вақт берилади. Математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан тест синови учун қўшимча 30 дақиқа вақт берилади. Ҳар бир тўғри бажарилган тест саволи учун 1,75 балл берилади.

Биринчи босқич учун умумий 70 балл берилади, умумий баллнинг
55 фоизи (38,5 балл) ва ундан юқори балл тўплаганлар аттестациянинг биринчи босқичидан ўтган ҳисобланади.

Биринчи босқичда умумий баллнинг (70 балл) 55 фоизини (38,5 балл) тўплай олмаган аттестациядан ўтувчилар иккинчи босқичга қўйилмайди ҳамда «аттестациядан ўтмаган” ҳисобланади.

Иккинчи босқичда — аттестация комиссиялари томонидан таълим тизимидаги ислоҳотлар, педагог ходимларнинг фаолияти самарадорлиги, касбий компетентлик бўйича 5 та саволдан иборат саволларга жавоб беришлари керак бўлади. Иккинчи босқич учун ҳар бир саволга 6 баллдан умумий 30 балл берилади, умумий баллнинг 55 фоизи (16,5 балл) ва ундан юқори балл тўплаганлар аттестациянинг иккинчи босқичдан ўтган ҳисобланади. Саволлар Республика таълим марказининг мутахассислари ҳамда улар шартнома асосида жалб этган экспертлар томонидан тузилади. Саволлар билети аттестациядан ўтувчи томонидан кўп вариантлилик асосида тузилган билетлар орасидан танлаб олиш йўли билан аниқланади.Суҳбат жараёнида берилган саволлар ва уларга берилган жавоблар стенографик усулда махсус журналга қайд этилади.

Аттестациядан ўтувчи аттестациянинг бирор босқичида узрли сабабга (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси) кўра қатнашмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади, аксинча, аттестациядан ўтувчи узрсиз сабабга кўра аттестациянинг бирор босқичида иштирок этмаган бўлса, аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда унга нисбатан “аттестациядан ўтмади” деган қарор қабул қилинади.

Аттестация комиссиясининг “аттестациядан ўтмади” деган қарори қабул қилинган аттестациядан ўтувчилар билан тузилган меҳнат шартномаси уларнинг иш берувчилари томонидан бир ой муддатда меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu