Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактаб ўқитувчилари ўртасида ўтказилаётган “Ўқитувчилар олимпиадаси”нинг Республика босқичи мусобақалари бошланди.
Бугун пойтахтимиздаги 118-умумтаълим мактабида мазкур олимпиаданинг дастлабки синов жараёнлари бўлиб ўтди. Беллашувлар аввалида таъкидланганидек, “Ўқитувчилар олимпиадаси” 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб математика фани бўйича илғор, ташаббускор ва ижодкор педагогларни аниқлаш, қобилият, касбий маҳоратларини рўёбга чиқариш, кўмаклашиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинмоқда.
Мамлакатимизнинг кўплаб педагоглари таклифига асосан, “Ўқитувчилар олимпиадаси” 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб математика фанидан ташқари физика, кимё ва биология фанлари бўйича ҳам ташкил қилиниши йўлга қўйилди.
Жорий йилги олимпиада мусобақалари уч босқичда ташкил қилинган бўлиб, дастлабки босқичда 30 минг нафарга яқин устозлар иштирок этишди.
Олимпиаданинг Республика босқичида белгиланган барча фанлар доирасида жами 168 нафар (физика, кимё ва биология фанларидан 3 нафардан, ҳар бир ҳудуддан 12 нафардан) ўқитувчи қатнашди.
Бугун бўлиб ўтган дастлабки синов жараёнларида иштирокчиларга 5 та масаладан иборат ёзма иш вазифаси берилди ҳамда ушбу топшириқни бажариш учун 3 соат вақт ажратилди. Якуний натижалар олимпиаданинг тегишли ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланиб борилди.
Олимпиаданинг навбатдаги босқичида иштирокчиларга тегишли фан йўналишлари бўйича методик қисм ва тест топшириқларидан иборат вазифалар берилади.
Методик қисмда иштирокчилардан тақдим этилган топшириқларнинг мисол ва масалаларни тўғри ёки нотўғри ечилганлигини изоҳлаб, ҳар бир масалани баҳолаши талаб этилади. Ушбу топшириқни бажариш учун 2 соат вақт ажратилади ва натижалар 50 балл билан баҳоланади.
Республика босқичи натижаларига кўра, ҳар бир фан бўйича 6 нафардан иборат ғолиблар аниқланади ҳамда улар турли номинациялар бўйича вазирликнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, олимпиададаги барча фанлар натижаларига кўра ҳудудлар бўйича рейтинг эълон қилинади. Муваффақиятли иштирок этган ўқитувчилар билан келгусида иқтидорли ўқувчилар билан ишлашда ҳамкорлик ўрнатилади.
Шунингдек, ўқувчи-ёшларни Республика, халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаш жараёнларига жалб қилинади.
“Ўқитувчилар олимпиадаси”нинг Республика босқичи ғолиблари жорий йилнинг 7 январь куни пойтахтимиздаги 118-умумтаълим мактабида бўлиб ўтадиган тантанали маросимда муносиб тақдирланади.