Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарорида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловини ташкил қилиш белгиланган.
Танлов ғолиблари қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланиши белгилаб берилган:
Туман(шаҳар) босқичида ғолиб бўлган мактаблар туман ҳокимлиги томонидан:
1-ўрин – 100 миллион сўм;
2-ўрин – 75 миллион сўм;
3-ўрин – 50 миллион сўм.
Вилоят босқичида ғолиб бўлган мактаблар вилоят ҳокимлиги томонидан:
1-ўрин – 250 миллион сўм;
2-ўрин – 200 миллион сўм;
3-ўрин – 150 миллион сўм.
Республика босқичида ғолиб бўлган мактаблар Халқ таълими вазирлиги томонидан:
1-ўрин – 500 миллион сўм;
2-ўрин – 400 миллион сўм;
3-ўрин – 300 миллион сўм
Умумий натижага кўра, энг юқори балл тўплаган мактаблар баллар кетма-кетлигига кўра 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган мактаблар сифатида белгиланади.
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича мактабнинг асосий кўрсаткичларини баҳолаш мезонлари:
I. Хорижий тил ўқитувчиларининг малака тоифасига эгалиги;
II. Хорижий тил ўқитувчиларининг халқаро имтиҳон тизимлари бўйича махсус сертификатларга эгалиги;
III. Мактабда хорижий тил ўргатиш бўйича таълим хизматлари кўрсатишнинг йўлга қўйилганлиги;
IV. Ўқувчиларнинг олимпиада ва танловларда эришган натижалари.
2022-2023 ўқув йилида ўтказиладиган мазкур танловда иштирок этиш истагида бўлган мактаблар https://ooo.uzedu.uz/login ахборот тизимига кириб, рўйхатдан ўтишлари ва ариза юборишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз. Ҳозирги кунга қадар 571 та мактаб танловда иштирок этиш учун ариза юборган.
Аризалар қабули 2022 йил 31 декабрга қадар давом этади. Имкониятни қўлдан бой берманг.
Изоҳ: Фото 2022 йил ўтказилган танлов жараёнларидан.