Мамлакатимиз умумтаълим мактабларини замонавий стандартлар асосида янада ривожлантириш, дарс сифати ва ўқитувчилар малакасини доимий ошириб бориш мақсадида сўнгги йилларда қатор хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ҳамда ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Стефания Жаннини иштирокида ўтказилган учрашув давомида мазкур жиҳатларнинг истиқболдаги режалари хусусида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.
Вазир Бахтиёр Саидов ўз сўзи бошида юртимиздаги мактаблар инфратузилмасини бойитиш ҳамда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун давлатимиз томонидан амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.
Айтилганидек, йилдан йилга ортиб бораётган республикамиздаги мактаб ёшидаги ўқувчиларни умумтаълим жараёнларига тўла қамраб олиш мақсадида мавжуд ўқув биноларини кенгайтириш ҳамда талаб юқори бўлган ҳудудларда янги бинолар қуриш бўйича доимий ишлар йўлга қўйилган.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида уларнинг касбий малакасини узлуксиз равишда ҳар йили ошириб бориш тизими амалиётга жорий этилди.
ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Стефания Жаннини Ўзбекистонда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ушбу ташаббусларга юқори баҳо бериб ўтар экан, ўқитувчиларнинг малакасини оширишда ўз ҳамкорлик таклифларини билдириб ўтди.
Шу билан бирга янги қурилаётган мактаб биноларини дунё стандартлари асосида лойиҳалаштириш, ўқувчилар билимини аниқлашда Ўзбекистонга мос бўлган миллий баҳолаш тизимини жорий этиш зарурлигини таъкидлади ҳамда бу йўлда ЮНЕСКО томонидан ҳам керакли ёрдам кўрсатилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашув сўнггида юқорида билдирилган таклиф ва ташаббусларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.