Бугун Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ҳамда айни вақтда Ўзбекистонда бўлиб турган Россия маориф вазири Сергей Кравцов пойтахтимиздаги 5-умумтаълим мактабида бўлди.
Меҳмонлар ушбу таълим муассасасида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, таълим мазмунини ошириш борасида олиб борилаётган ўқув-амалий жараёнлар билан атрофлича танишишди.
Учрашувда меҳмонга Ўзбекистонда мактаб таълимини ривожлантириш, ўқувчиларнинг касбий кўникмаларини ошириш, уларни ҳаётга тайёрлаб боришда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти мазкур мактаб мисолида тушунтириб ўтилди.
Ўзаро мулоқотлар давомида А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент филиали билан ҳамкорликда тайёрланган “Русский язык” дарслиги намойиш этилди.
Сергей Кравцов мазкур мактаб фаолияти билан танишар экан, Ўзбекистонда мактаб таълими давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганлиги, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун яратилган шароитлар ҳамда халқ таълимига эътиборни эътироф этиб ўтди.