Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Ғайрат Шоумаров томонидан Гулистон шаҳридаги 18-умумтаълим мактабида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Қабул жараёнида фуқаролар муаммолари тингланиб, аксарият мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.
Қабул давомида 6 нафар мурожаатчи томонидан кўтарилган муаммоларга ечим топишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, уларни бажариш назоратга олинди.
Сўнгра вазир маслаҳатчиси томонидан вилоят халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган психологлар учун тренинг машғулотлари ташкил этилди. Гулистон шаҳридаги Информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган таянч мактаб-интернатида бўлиб ўтган машғулотларда жами 80 нафар туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари психолог-методистлари, таянч мактаб психологлари ва туман, шаҳар психологлари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида психологлар “Суициднинг юзага келиш сабаблари ва омиллари ҳамда унинг олдини олиш йўллари” мавзуси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Келгусида мактаб психологлари олган билимларини фаолияти давомида қўллаб, суицидни олдини олиш бўйича амалга ошириладиган ишларни режа қилиб олди.
Шундан сўнг, Сирдарё вилоятидаги Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари билан ижтимоий-педагогик-психологик суҳбат ташкил этилди. Суҳбат доирасида Ғайрат Шоумаров томонидан тарбияланувчиларнинг яшаш шароити, қизиқиши, муассасага келиш сабаблари, келажакда орзу ва мақсадлари, муассасага келганидан сўнг ўзидаги ижобий ўзгаришлари батафсил ўрганилди.