Айни кунларда Самарқандда бўлиб турган Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугун вилоят Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги "Болалар кутубхонаси"да ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Вазир кутубхонада мумтоз адабиётимиз дурдоналаридан бўлмиш ғазалларни ўқиб-ўрганаётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг келажакдаги орзу-истаклари билан қизиқди.
Бахтиёр Саидов самимий суҳбат давомида фаол ўқувчиларни Халқ таълими вазирлигининг эсдалик совғалари билан тақдирлади. Улар Янги Ўзбекистоннинг келажаги эканлигини таъкидлаб, келгусидаги ўқишларига улкан мувафаққиятлар тилади.
Шунингдек, вазир вилоят "Болалар кутубхонаси"га Самарқанд шаҳри, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан келган фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Уларнинг мактабга кузатув камерасини ўрнатиш, Самарқанд туманидаги 33-ИДУМда таъмирлаш ишларини якунлаш, мактаб кутубхонасини қардош тил ҳисобланмиш тожик тилидаги бадиий адабиётлар билан таъминлаш, Тойлоқ ҳудудидан янги мактаб биноси қуриб бериш бўйича таклиф ва мурожаатларини тинглаб, уларни ўз назоратига олишини таъкидлади.