ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

26 май 2022 йил
image

Жорий йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ташаббуси билан Халқ таълими вазирлигида Болалар масалалари бўйича Миллий комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, болалар масалалари бўйича миллий ва ҳудудий комиссияларнинг фаолияти, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда оилавий болалар уйларининг ташкил этилиши ҳолатлари муҳокама этилди.

photo2022-05-2617-54-44.jpg

Тадбирда Болалар масалалари бўйича Миллий комиссия ҳамраиси, Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси масъул ходимлари, Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, Миллий гвардия вакиллари ҳамда вилоят ҳокими ўринбосарлари иштирок этди.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Миллий комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу билан бирга ҳар бир вазирликнинг вазифаси эканлигини Давлатимиз раҳбари Фармонида билан белгилаб берилганлигини таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар тўғрисидаги маълумотлар шакллантириладиган mu.maktab.uz платформаси яратилгани алоҳида қайд этилди.

photo2022-05-2617-54-24-2.jpg

Айни вақтда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг “онлайн-навбат” тизими йўлга қўйилган. Бугунги кун ҳолатига 486 нафар уй-жойга муҳтож бўлган болалар онлайн навбатга қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелда “Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб оилавий болалар уйларига Давлат бюджетидан маблағ ажратишнинг тартиби жорий этилади. Эндиликда ҳудудий ҳокимликлар ушбу маблағларни белгиланган тартибда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтириши керак. Лекин бу борада ҳокимликлар жуда суст ҳаракат қилишмоқда.

photo2022-05-2617-54-24.jpg

Шунингдек, йиғилишда “Меҳр дафтари” платформаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси ва Миллий гвардия томонидан Меҳр дафтари платформасига туман (шаҳар) болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан зарур маълумотлар киритилиши назоратга олинганлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу жамғармага 22,4 млрд. сўм маблағ келиб тушган.

Тадбирда ижтимоий тармоқлар орқали болаларга нисбатан зўравонликнинг турли шакллари қўлланилаётганлиги, афсуски, оилада болаларга нисбатан зўравонлик, ижтимоий норма ҳисобланиб қолаётганлиги, зўравонликнинг олдини олиш, болаларга нисбатан қўлланилаётган зўравонликка нисбатан тизимли ва жамоавий муросасизликни борасидаги ишларни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида ҳудудий комиссияларнинг фаолияти муҳокама қилинди. Шу билан бирга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар берилди.

photo2022-05-2617-54-23.jpg

Маълумот учун: Бугунги кунда 10 та меҳрибонлик уйи, 4 та болалар шаҳарчаси, 2 та болалар уйи фаолияти якунланди ва 6 та “Меҳрибонлик” уйи, 11 та кичик болалар уйлари, 3 та SOS - болалар маҳаллалари, 121 та оилавий болалар уйлари фаолият кўрсатмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu