МАТЕМАТИКА ФАНИ ЎҚИТУВЧИЛАРИ ЎРТАСИДА 1-РЕСПУБЛИКА ОЛИМПИАДАСИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

23 декабрь 2021 йил
image

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Бухоро вилоятида математика фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилаётган 1-Республика олимпиадаси старт олди. Олимпиадани ўтказишдан асосий мақсад таълим муассасаларининг педагог-ўқитувчилари орасидан математика фани бўйича илғор, ташаббускор ва ижодкор педагогларни аниқлаш, улардаги қобилиятлар, касбий маҳоратни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Қоракўл Халқаро математика мактабида бўлиб ўтаётган мазкур олимпиада икки кун давомида ўтказилиши белгиланган. Биринчи кун, яъни бугун 23 декабрда иштирокчиларга жами 5 та топшириқдан иборат ёзма иш берилади ва 180 дақиқа вақт ажратилади. Топшириқлардан дастлабки 2 та масала 8 балдан, кейинги 2 та масала 10 балдан, охирги масала эса 14 балдан жами 50 балл билан баҳоланади.

Иккинчи кун - 24 декабрь олимпиаданинг методик қисми ўтказилади. Мазкур жараёнда ечимлари келтирилган мисол ва масалаларни тўғри ёки нотўғри ечилганлигини изоҳлаб, ҳар бир масалани баҳолаш ҳамда ижодий ёндашув асосида шартга кўра янги масала тузиш талаб этилади. Бунинг учун иштирокчиларга 120 дақиқа вақт ажратилади.Барча иштирокчилар икки турда ҳам қатнашади.

Республика босқичида баллар кетма-кетлигида энг юқори натижаларни қўлга киритган 10 нафар иштирокчилар ғолиб ва совриндор ҳисобланади. Ғолиб ва совриндорларни аниқлашда уларнинг баллари бир хил бўлган тақдирда уларга қўшимча 10 та очиқ тест тақдим этилади ва ғолиб аниқланади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu