Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари жойлардаги муаммоларни ва соҳадаги ислоҳотларнинг натижадорлигини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлиб турибди.
Дастлабки манзил Тойлоқ тумани 4- ва 21-мактаб бўлиб, битирувчи синф ўқувчиларининг дарс жараёнларида иштирок этилди. Бахтиёр Саидов деярли охирлаб қолган ўқув йилида ўқувчиларнинг 11 йил давомида мактабда олган билимлари, келажакдаги касблари билан қизиқди. Эртанги ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун танлаган касби муҳимлиги, фаровон турмушга эга бўлиш, қолаверса мамлакат тараққиёти учун ҳам турли касбларни эгаллашлари ҳаётий мисолларда тушунтирилди.
Шунингдек, 4-мактабда тарих фанидан “Мобил методик гуруҳ” ўқув машғулотларида иштирок этаётган ўқитувчилар билан суҳбатлашилди. Мулоқот давомида яқинда қабул қилинган халқ таълимини ривожлантиришнинг 5 йиллик миллий дастури мазмун-моҳияти тушунтирилди. Келажагимиз ўқитувчилар қўлида эканлиги, бунинг замирида катта масъулият борлиги таъкидланди. Соҳани ривожлантириш бўйича ўқитувчиларнинг таклифлари тингланди.
Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларини ўрганиш давом этмоқда. Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.