Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Бухоро вилоятидаги мактаблар фаолиятини ўрганиш жараёнида вилоятнинг узоқ туманларидан бири бўлган Пешку туманида бўлди.
Даставвал тумандаги 43-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Туман марказидан 10 км узоқликда жойлашган 260 ўринли мазкур таълим муассасаси 1973 йилда қурилган бўлиб, 2012 йилда реконструкция қилинган. Айни пайтда бу ерда 332 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Вазир мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг келажак танловлари ва орзу-мақсадлари билан қизиқди.
Билим инсонни юксакликка кўтарувчи куч. Қаерда ва қандай муҳитда яшашингизнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Шу боис ҳам ўзингиз қизиққан соҳани танлаб, олдингизга юксак мақсадлар қўйинг ва ҳеч қачон мақсадингиздан чекинманг, – дея ўқувчиларни юксак марраларни кўзлашга ундади вазир.
Фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда юқори натижаларни қўлга киритаётган ўқувчиларга ноутбук тақдим қилинди.
Ўқитувчилар билан ўтган самимий ва очиқ мулоқот жараёнида эса устозларга келажагимиз эгалари бўлган фарзандлар тарбияси ўқитувчилар қўлида эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Устозлик жуда улуғ ва шарафли касб. Бу касбнинг масъулияти ҳам жуда оғир. Ҳар бир педагог ана шу масъулиятни юракдан ҳис қилмоғи керак, –дея таъкидлади вазир.
Мактаб биносини кейинги йилларда Инвестиция дастурига киритиш режалаштирилди.