Куни кеча Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари туман ҳокими ва сектор раҳбарлари билан биргаликда Навоий вилояти марказидан қарийб 300 км олисда жойлашган Томди туманидаги мактабларда мавжуд муаммоларни ўрганмоқда.
Хусусан, сектор раҳбарлари билан биргаликда 1-, 6-,12-сонли мактабларда ўқувчилар учун яратилган шароитлар, мактаб моддий-техник базаси ва инфратузилмасидаги шароитларни яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, йил якунига қадар 1-сонли мактаб биноси “Обод қишлоқ” дастури асосида, 12-сонли мактабга эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янги бино барпо этилиши режалаштирилди.
Шунингдек, мактабларда юқори синф ўқувчилари ва педагоглар билан мулоқотларда ўқувчиларнинг турли фанлар бўйича билимлари савол-жавоб қилиниб, битирувчиларнинг танлаган келажак касблари ўрганилди. Мулоқотлар давомида Томди тумани аҳолиси турмуш даражасини янада яхшилаш учун истиқболи мавжуд касбларни (саноат, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқа соҳаларни) танлаш оддий мисоллар орқали тушунтирилди.
Мактабда олган билимларини ҳаётда қўллай олиш кўникмасига эга бўлишлари, айниқса, кимё, физика, математика каби қатор фанларни чуқур ўзлаштириши зарурлиги таъкидланди.
Педагогларга эса бунинг учун аввало касблар аҳамияти ҳақида ўқувчиларни кенгроқ таништириб боришлари лозим эканлиги қайд этилди.
Бугунги кунда Томди тумани мактабларини малакали педагоглар билан таъминлаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида бошқа ҳудудлардан 20 нафардан ортиқ педагог жалб этилган. Шундай педагоглардан бири Дилафрўз Жумаева Бухоро вилоятидан келиб, кимё фанидан дарс бермоқда.
Шунингдек, ушбу тумандаги 1-сонли мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Зарина Муродовага мактабда таълим сифатини янада оширишда ўз ҳиссасини қўшаётгани, қолаверса, мазкур муассасадан иқтидорли ва аълочи ўқувчиларни тайёрлаб, самарали меҳнат қилаётганлиги учун ноутбук тақдим қилинди.