Куни кеча Жиззахдан қайтган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 3 август куни Сирдарё вилоятига борди. Вазир вилоятнинг таълим муассасаларини янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, янгидан барпо этилаётган умумтаълим мактаблари, улардаги бунёдкорлик, қурилиш-таъмирлаш ишларини ўрганмоқда.
Дастлабки манзил Ховос туманидаги таълим муассасалари бўлди ва ушбу ҳудуддаги таълим сифати паст бўлган қизил тоифадаги 16- ва 23-умумтаълим мактаблари ҳамда 1-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаблари фаолияти билан танишишдан бошланди.
Ташриф давомида таълим сифати паст бўлган 23-мактабга янгидан қурилган қўшимча бино ҳолати ва ундаги жиҳозлаш жараёнлари, спорт майдончалари ҳамда 16-мактабдаги янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди.
Халқ таълими вазири мутасаддиларга қизил тоифадаги ва олис ҳудуддаги мактабларга «Янги Ўзбекистон устозлари» лойиҳаси доирасида бошқа ҳудудлардан маҳоратли ўқитувчиларни жалб этиш, вилоятда таълим сифатини кўтариш лозимлигини таъкидлади ва қизил тоифадаги мактаблар сонини камайтириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Вазир Ховос туманидаги ташриф буюрган мактабларига компьютер жиҳозлари ва кутубхона учун китоблар жамланмаси совға қилди.
Шунингдек, Шерзод Шерматов Сирдарё вилояти ҳудудий малака ошириш марказида педагоглар учун ташкил этилган «Умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастурини 1-2-синфларда амалиётга жорий этиш» бўйича вилоят ўқув семинарида ҳам қатнашди.
Мазкур семинарда бевосита вазир иштирокида Миллий ўқув дастури юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди ва ушбу дастурни янада ривожлантириш бўйича педагогларнинг таклифлари тингланди.