Халқ таълими вазирининг ўринбосари Иброҳим Жўраев Навоий вилоятининг олис ҳудудларидаги мактабларни ўрганмоқда. Кеча ушбу мактабларга бориб келиш учун вазир ўринбосари қарийб 1000 километрлик йўлни босиб ўтди.
Шундай мактаблардан бири Томди тумани "Шиели" овул фуқаролар йиғинида жойлашган намунали 8-умумтаълим мактаби бўлди. Мазкур таълим муассаси туман марказидан 135 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Иброҳим Жўраев мактабдаги шароитлар билан танишиб, уларни яхшилаш бўйича ўз таклифларини берди.
“Керегетау” овул фуқаролар йиғини Жириқ овулидаги 13-умумтаълим мактабида 82 нафар ўқувчи таълим олади. Ҳозирда мактабнинг 3 та биноси мавжуд бўлиб, бошланғич синфлар учун мўлжалланган битта бино 1969 йилда, иккитаси 1988 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган.
Вазият билан яқиндан танишган вазир ўринбосари мазкур бинолар ўрнида 2 қаватли 100 ўринли замонавий мактаб қурилиши бўйича зарур кўрсатмалар берди.