Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ноябрь-декабрь ойларида барча умумтаълим мактабларида 10-11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” мавзусида республика ижодий ишлар танлови ўтказилди.
Мазкур танловнинг мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида жами 600 минг нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этди.
Танловнинг асосий мақсади ўқувчиларда сўнги йилларда Юртимизда амалга оширилган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш кўникмаларини, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, уларда ижодий, танқидий, ностандарт фикрлаш, нотиқлик, мослашувчанлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш, унинг келажагига нисбатан дахлдорлик ҳиссини шаклантиришдан иборат.
Ушбу ижодий ишлар танловининг республика босқичи жорий йилнинг 21-24 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Чинобод Плаза” сиҳатгоҳида ташкил этилиб, мазкур босқичда ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган 45 нафар ўқувчилар иштирок этди.
Жорий йилнинг 23 декабрь кунида республика босқичида ўқувчилар “Менинг Президентим” мавзусида иншо ёздилар.
Ҳакамларнинг қарорига кўра Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Раъно Абдуҳамидова – 1 ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Гулферуз Сарибаева ва Бухоро вилояти Жондор туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жасмина Тўраева – 2 ўринни, Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Марварид Рустамова ҳамда Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Чиннигул Исматиллаева – 3 ўринни қўлга киритдилар.
Бундан ташқари 10 нафар республика босқичи иштирокчилари турли хил номинацияларда ғолибликни қўлга киритиб қимматбаҳо совғаларга эга бўлдилар. Шунингдек Республика босқичи иштирокчиларининг барчасига 1 тадан ноутбук топширилди.
Ушбу босқичда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар (1-,2-,3-ўрин) 2022-2023 ёки 2023-2024-ўқув йилида республикадаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда, уларнинг мос равишда 1-ўрин соҳибига 4 йиллик тўлов-шартнома маблағларини, 2-ўрин соҳибига 3 йиллик тўлов-шартнома маблағларини, 3-ўрин соҳибига 2 йиллик тўлов-шартнома маблағларини тўлаб бериш ёки грант асосида талабаликка қабул қилинса мос равишда 1-ўрин соҳибига 4 йиллик тўлов-шартнома маблағлари, 2-ўрин соҳибига 3-йиллик тўлов-шартнома маблағлари, 3-ўрин соҳибига 2-йиллик тўлов-шартнома маблағлари миқдорида мукофотланадилар.
Танловнинг тўртинчи босқичда 1-,2-,3-ўринни эгаллаган ғолибларнинг умумтаълим муассасасидаги устозлари мос равишда 30 млн., 20 млн. ва 10 млн. сўм пул маблағлари билан мукофотландилар. Шунингдек, республика босқичи ғолиблари (1-, 2-, 3-ўрин) таълим олаётган умумтаълим мактаблари директорларига биттадан ноутбук топширилди.
Бундан ташқари, танлов давомида ўқувчилар учун мамлакатимизнинг кўзга кўринган сиёсат, маданият, жамоат арбоблари иштирокида тренинглар, пойтахтимизда сўнгги йилларда бунёд этилган объектларига саёҳатлар ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ҳам ташкил этилди.