Яшнобод туманидаги 255-мактабда 1905 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шулардан 913 нафарини қиз болаларни ташкил этади. Жорий йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабга давлат дастури доирасида 16 та тикув машинаси ҳамда 2 та оверлок машинаси тақдим этилган. Мактаб мазкур тикув машиналаридан унумли фойдаланаётганини бугун Халқ таълими вазирлиги томонидан Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида мактабларда амалга оширилган ишларга бағишлаб ўтказилган пресс-турда гувоҳи бўлдик.
Таълим масканида 5 ташаббус доирасида «Ёш тикувчи» тўгараги ташкил этилган бўлиб, тўгаракда 7-синфдан бошлаб 30 нафар қизга «Устоз-шогирд» асосида тикиш ва бичиш сирлари ўргатилмоқда. Бугун тўгаракда чойшаб ҳамда ёстиқ жилдлари тикилиб, қизларга ҳунар ўргатиш баробарида мактабга моддий томондан ҳам даромад ҳам келтирмоқда.
Тўгарак иш бошлаганига кўп бўлмаганига қарамай мактаб ҳисоб-рақамига 110 миллион сўм даромад келтирган. Ушбу маблағ тўгаракда тикилаётган чойшаб ҳамда ёстиқ жилдларини сотувга чиқариш орқали тўпланди.
Тўгарак раҳбари Дилноза Алимова бу маблағни йил давомида 1 миллиардга етказишни режалаштирмоқда:
— Дастлаб тўгарак иш фаолияти учун мактаб раҳбари Дилора Жўраева томонидан маблағ ажратилди. Шундан сўнг барчамиз биргалашиб, тўгарак иш фаолияти учун аниқ режалар белгилаб олдик. Ҳозирда мавжуд иккита оверлок машинамиз ишлатилмаяпти сабаби ҳозир тикаётган маҳсулотимизга у ишлатилмайди, шу сабабли келгусида чақалоқларга кийимлар ишлаб чиқариш орқали мактабдаги тикувчилик тўгарагида ушбу маҳсулотни тикишни ҳам йўлга қўйишни режалаштирдик.