Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Наманган вилоятидаги мактабларни ўрганиш давомида ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилган ўқитувчи Нафосат Муҳитдинова фаолият юритаётган Норин туманидаги 3-сонли мактабда бўлди. Ўқитувчининг таълим жараёнларини яхшилаш бўйича таклифлари тингланиб, дарс жараёнида иштирок этилди.
Мазкур мактаб ўқувчилари билан фанларни ўзлаштириш бўйича мулоқот қилиниб, жаҳон адабиётининг нодир асарларидан бўлган адабиётлар тўплами, ўқитувчи Нафосат Муҳитдиновага ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга янада кўпроқ билим бериши учун ноутбук совға қилинди.
Мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг учун дарс жараёнида фойдаланишлари учун электрон доска, компьютер синфи тақдим қилинди. Мактаб биносини 2023-2024 йилларда Инвестиция дастурига киритган ҳолда шароитларни яхшилаш режага киритилди.
Шунингдек, 1965 йилда қурилган, таълим даражаси юқори бўлмаган ҳамда моддий-техник базаси ночор бўлган 6-сонли мактаб фаолияти билан танишилди. Келгусида аҳоли сони ўсишини инобатга олиб мазкур мактаб ўрнида 990 ўринли янги мактаб биноси қуриш бўйича Инвестиция дастурига киритиш таклиф қилинди.