Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги Ички аудит хизмати фаолиятининг йиллик натижалари сарҳисоб қилинди.
Ички аудит хизмати фаолиятида асосий эътибор молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларига қаратилмоқда.
Хусусан, 2021 йилда таълим муассасаларининг харажатлар сметаси ҳамда штатлар жадвалига мувофиқ режалаштирилган маблағлардан 143 млрд. сўми мақбуллаштирилган.
2022 йилнинг 15 февралга қадар вазирлик томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида 142 млрд. сўмлик маблағлар мақбуллаштирилиб, бугунги кунда ушбу ишлар Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат департаменти билан биргаликда давом эттирилмоқда.
Аниқланаётган камчиликлардан келиб чиқиб ҳамда уларни келгусида такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
Биринчидан, Ҳисоб палатаси кўрсатмаларига асосан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда инсон омилини камайтириш ва режалаштиришдаги камчиликларни олдини олиш бўйича “УзАСБО” дастурий мажмуасига ўзгартиришлар киритилиб, янги модул ва автоматик чекловлар жорий этилди.
Иккинчидан, “Халқ таълими тизимидаги муассасаларни бошқариш бўйича ягона электрон дастурий мажмуа – erp.maktab.uz” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур тизимда мактаблар, улардаги ўқитувчи ва ўқувчиларга тегишли бўлган барча кўрсаткичлар киритилиши ҳамда уларга тегишли маълумотларни инсон омилини чеклаш учун бошқа тизимдаги маълумотлар базалари билан интеграциялаш назарда тутилган. Ҳозирги кунда ушбу дастурий мажмуани жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Учинчидан, Вазирликнинг Ички аудит хизмати фаолиятини ташкил этишда бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ҳолатларининг профилактикаси кучайтирилмоқда, яъни ноқонуний харажатларни амалга ошириш риски мавжуд бўлган ҳудудлар бўйича алоҳида “қизил” рўйхат шакллантириб, ушбу “қизил” ҳудудларда иш ҳақини молиялаштирилиши ҳамда қўшимча маблағ ажратилиши жараёнларини доимий назорат ва кузатувга олиш чоралари кўрилади.
Тўртинчидан, тизимда амалга оширилаётган давлат харидлари мониторингини олиб бориш бўйича электрон дастур ишлаб чиқилди.
Ушбу дастурни “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” ва бошқа тегишли идоралар маълумотлар базалари билан интеграциясини таъминлаган ҳолда тизимга жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилнинг I чораги давомида Халқ таълими вазирлиги тизимида қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда коррупцияга оид хатти-ҳаракатларни олдини олиш мақсадида Ҳисоб палатаси, Бош Прокуратура, Молия вазирлиги билан биргаликда комплекс ўрганиш тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Афсуски, молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилаётган бўлсада, вазирликнинг Ички аудит хизмати томонидан 2021 йил давомида тизим таълим муассасаларида 91,1 млрд. сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,1 млрд. сўм (жами молиявий хато ва камчиликларнинг 30 фоизи) маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланди.
Мисол учун, Ҳисоб палатаси бошчилигида ўтган йили Андижон вилояти Андижон шаҳрида ўтказилган текширишда, ходимларнинг даромад солиғини Давлат бюджетига ўтказмасдан, тизимда ишламайдиган бегона шахсларнинг пластик карталарига ўтказиш орқали 11,5 млрд.сўм маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланган. (2020 йилда вазирлик томонидан Андижон шаҳрида 28,4 млрд. сўм маблағ нақд пул маблағларини кассага кирим қилмасдан ва ишламайдиган ходимларга тўлаш орқали ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган эди).
Маълумот учун: 2020 йилнинг ҳисобот кўрсаткичларига нисбатан жами қонунбузилиш ҳолатлари (228,3 млрд. сўм) 1,5 бараварга, камомад ва ўзлаштириш ҳолатлари (70,7 млрд. сўм) 2,6 бараварга камайган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 161 та 76 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.