Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида 2024 йилда тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда жорий йилдаги муҳим вазифалар ижросига бағишланган Ҳайъат йиғилиши ўтказилди.
Видеоконференсия шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик ва тизим ташкилотлари масъул ходимлари ҳамда ҳудудий бўлинмалар ва Педагогик маҳорат марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб, ўтган йил давомида мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилган ишлар ҳамда соҳадаги жорий йилги режалар тўғрисида сўз юритди.
Қайд этилганидек, ўтган йилда болаларни мактабгача таълимга қамров даражаси 76 фоизга, мактабга тайёрлов гуруҳига қамров даражаси 96 фоизга ошди.
Соҳага хусусий сектор кенг жалб қилиниши натижасида нодавлат мактаблар сони 573 тага етказилди ва қўшимча 40 мингга яқин ўқувчи ўрни яратилди. 500 та умумтаълим мактабида жорий этилган янги баҳолаш тизими натижасида мазкур мактаблардаги ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 6 фоизга ошди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда тизимдаги мавжуд камчиликлар ва амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам атрофлича тилга олиб ўтилди. Хусусан, Тошкент, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва пойтахтдаги айрим маҳаллаларда мактабгача таълим ташкилотлари йўқлиги танқид қилинди.
Шу сабабли йил якунига қадар мактабгача таълимга қамров даражасини 78 фоизга етказиш, республикадаги энг оғир маҳаллаларда 1 000 та оилавий нодавлат боғча ташкил этиш, жорий йил 1 февралга қадар ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан мактабгача таълим ташкилотида “инклюзив таълим” гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, соҳага доир аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, вазирлик қуйи бўғини ва умумтаълим мактабларини малакали кадрлар билан тўлдириш, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат умумтаълим муассасаларини ташкил этиш ишларини янада жадаллаштириш, педагоглар малакасини доимий ошириб боришга доир келгуси режалар белгилаб ўтилди.
Йиғилиш давомида вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларга тайинланган раҳбар ва масъул ходимлар жамоага таништирилди.
Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.