Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда 2023-2024 ўқув йили давомида халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, олимпиада ғолиблари, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2023-2024 ўқув йилида мактаб ўқувчилари томонидан халқаро фан олимпиадаларида жами 122 медал қўлга киритилган бўлиб, ушбу натижа ҳозирга қадар энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Булар орасида нуфузга эга, кўпгина дунё мамлакатлари ва халқаро даражадаги олий таълим муассасалари тан оладиган халқаро олимпиадалар мавжуд.
Жорий йилда юртимиз ўқувчилари энг нуфузли халқаро олимпиадаларда 11 та медаль (1 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза), хусусан:
— Саудия Арабистонининг Ар Риёд шаҳрида 87 та давлат (340 нафар ўқувчи) иштирокида ўтказилган 56-Халқаро кимё олимпиадасида — 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза;
— Буюк Британиянинг Бат шаҳрида 110 та давлат (600 нафар ўқувчи) иштирокида ўтказилган 65-Халқаро математика олимпиадасида — 2 та кумуш, 3 та бронза;
— Эроннинг Исфахон шаҳрида 46 та давлат (230 нафар ўқувчи) иштирокида ўтказилган 54-Халқаро физика олимпиадасида — 1 та бронза;
— Мисрнинг Александрия шаҳрида 91 та давлат (362 нафар ўқувчи) иштирокида ўтказилган 36-Халқаро информатика олимпиадасида — 1 та бронза, шунингдек, минтақавий халқаро олимпиадаларда 61 та (10 та олтин, 15 та кумуш ва 36 та бронза) медални қўлга киритди. Шунингдек:
— Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган 20-Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадасида 5 та (3 та кумуш ва 2 та бронза);
— Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган 20-Халқаро Жаутиков олимпиадасида 14 та (2 та олтин, 3 та кумуш ва 9 та бронза);
— Россиянинг Адигея шаҳрида ўтказилган 9-Кавказ халқаро математика олимпиадасида 4 та (1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза);
— Хитойнинг Шенжен шаҳрида ўтказилган 58-Халқаро Менделеев олимпиадасида 5 та (1 та кумуш ва 4 та бронза);
— Болгариянинг Варна шаҳрида ўтказилган 41-Болқон Математика олимпиадасида 5 та (2 та кумуш ва 3 та бронза);
— Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё-Тинч океани минтақаси информатика олимпиадаси (APIO)да 1 та бронза;
— Бразилияда ўтказилган (онлайн) Осиё-Тинч океани минтақаси математика олимпиадаси (APMO)да 7 та бронза;
— Бухоро шаҳрида ўтказилган Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадасида 12 та (3 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза);
— Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган 28-Ўсмирлар ўртасидаги Болқон математика олимпиадаси (JBMO)да 6 та (3 та кумуш ва 3 та бронза);
— Ҳиндистонда ўтказилган Халқаро математика мусобақаси (IMC)да 18 та (3 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза);
— Германияда ўтказилган Халқаро немис тили олимпиадасида 1 та олтин;
— Хитойда ўтказилган Халқаро иқтисод олимпиадасида 1 та бронза;
— Эронда ўтказилган Европа қизлар халқаро IT олимпиадаси (EGOI)да 1 та бронза медаллари қўлга киритилди.
Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сенябрдаги 346-сон қарорига кўра, жорий йилги халқаро олимпиадаларда 91 та (11 та олтин, 24 та кумуш ва 56 та бронза) медални қўлга киритган ўзбекистонлик ёшлар турли даражадаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Хусусан, энг нуфузли халқаро олимпиадалардаги медаллар учун:
— олтин медаль соҳибига — 187,5 млн. сўм, ўқитувчисига — 168,75 млн. сўм;
— кумуш медаль соҳибига — 112,5 млн. сўм, ўқитувчисига — 93,75 млн. сўм;
— бронза медаль соҳибига — 75 млн. сўм, ўқитувчисига — 56,25 млн. сўм берилди.
Маълумот учун: ушбу медал эгалари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинади, устозларига эса келгуси ўқув йили учун 200 фоизгача устама белгиланади ва тўғридан тўғри олий малака тоифаси тақдим қилинади.
Бундан ташқари, нуфузли халқаро олимпиада ғолиблари кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ғолиб бўлган фанидан дарс берган тақдирда, лавозим маошига 150 фоиз ҳар ойлик устама олади.
Тақдирлаш маросимида, халқаро (астрономия, география, иқтисод ва хорижий тиллар) ва минтақавий халқаро олимпиадалар совриндорлари ва уларнинг устозлари ҳам мукофотланди. Хусусан:
халқаро олимпиадаларнинг:
— олтин медаль соҳибига — 56,25 млн. сўм, ўқитувчисига — 18,75 млн. сўм;
— кумуш медаль соҳибига — 37,5 млн. сўм, ўқитувчисига — 13,125 млн. сўм;
— бронза медаль соҳибига — 18,75 млн. сўм, ўқитувчисига — 11,25 млн. сўм.
минтақавий халқаро олимпиадаларнинг:
—олтин медаль соҳибига — 4,5 млн. сўм, ўқитувчисига — 18,75 млн. сўм;
— кумуш медаль соҳибига — 3,0 млн. сўм, ўқитувчисига — 13,125 млн. сўм;
— бронза медаль соҳибига — 2,25 млн. сўм, ўқитувчисига — 11,25 млн. сўм берилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий халқаро олимпиада совриндорлари олий таълим муассасаларига киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади.
Бундан ташқари, ўқувчини олимпиадаларга тайёрлаган ўқитувчининг малака тоифаси бир поғона кўтарилади, шунингдек, минтақавий халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда асосий олимпиаданинг республика босқичи ғолиблари кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ғолиб бўлган фанидан дарс берган тақдирда, лавозим маошига 100 фоиз ҳар ойлик устама олади.
Маълумот учун: жорий йилда асосий олимпиадаларнинг вилоят ва республика босқичлари ҳамда халқаро олимпидалар ғолибларини тақдирлаш учун давлат бюджетидан жами 9 млрд. сўм йўналтирилди (2019 йилги 780 млн сўмдан қарийб 11,5 баробарга кўп).