Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Германия давлатларининг тегишли вазирлик ва идоралар, турли ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев ва Германиянинг "Манголд cонсултинг" раҳбарияти иштирокида вазирлик тизимидаги "Янги Ўзбекистон" университетида жаҳон андозаларига мос Тиббиёт факултетини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳа ва меморандум имзоланди.
Айтиш лозимки, Германия стандартлари асосида ташкил этилаётган ушбу факултет ўзининг махсус клиника ва тадқиқот марказига эга бўлади. Шунингдек, таълим ва тадқиқот жараёнларининг инглиз тилида ташкил этилиши хорижлик профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш имкониятини беради.
Маълумот учун: “Янги Ўзбекистон” университети Тиббиёт факултети Германиянинг Фрайбург университети билан ҳамкорликда ташкил этилади. Фрайбург университетида 20 минг нафарга яқин талаба таҳсил олади. Дунё олийгоҳлари рейтингида ушбу университет 128-ўринни, тиббиёт фанлари бўйича 98-ўринни эгаллайди.