Боғча тарбияланувчилари саводхонлигини ошириш ва уларнинг соғлом овқатланишига доир муҳим масалалар муҳокама қилинди

13 сентябрь 2024 йил
image

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳрида “Мактабгача таълим асосларини мустаҳкамлаш: болаларнинг илк ёшидан саводхонлик, рационал овқатланиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва оилани жалб қилишда компетенциявий ёндашувни жорий этиш” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Меҳрибонлик Корпусининг Ўзбекистондаги филиали, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбир АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштирилган MakGovern-Doul “Болалар таълими ва овқатланиши учун халқаро озиқ-овқат дастури” доирасида ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари, ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари педагог ва методистлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар мактабгача таълим ташкилотларида эрта саводхонликни ривожлантириш ва педагогларни тайёрлашнинг илғор халқаро тажрибалари хусусида ўз мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, мактабгача таълимда хотирани ривожлантириш ва болаларнинг ҳиссий ва ижтимоий ўсишига ёрдам бериш йўллари ва бошқа муҳим масалалар муҳокама этилди.

Маълумот учун: MakGovern-Doul “Таълим ва болалар овқатланиши” дастури Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида болаларнинг эрта ёшдан таълим олишини яхшилашга қаратилган беш йиллик дастурдир. Дастурдан кўзланган мақсад, мактабгача таълим ташкилотларида таълим ва овқатланишни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратган ҳолда, болалар ривожланишига яхлит ёндашувни яратишдан иборат.

Мазкур конференсия жорий йилнинг 19 сентябрь куни Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu