“Умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун жорий этилаётган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” тадбирлари"мавзусида матбуот анжумани

12 август 2024 йил
image

Бугун Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун жорий этилаётган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожлантириш соати” тадбирлари"мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти масъул ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими самарадорлигини таъминлаш, уларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини мунтазам ошириб бориш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-231-сон қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 7 августдаги тегишли буйруғига мувофиқ, 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари учун фанлар кесимида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожлантириш соати» тадбирлари босқичма-босқич жорий этилади.

Унга кўра:

Душанба куни — Ижтимоий фанлар (тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, тарбия) ўқитувчилари учун;

Сешанба куни — Филология фанлари (она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили) ўқитувчилари учун;

Чоршанба куни — Табиий фанлар (физика ва астрономия, кимё, биология, география ва иқтисодиёт, табиий фан — Sciyence) ўқитувчилари учун;

Пайшанба куни — Аниқ фанлар (математика, информатика ва ахборот технологиялари) ўқитувчилари учун;

Жума куни — Хорижий тиллар ўқитувчилари учун;

Шанба куни — Амалий фанлар (тасвирий санъат, чизмачилик, мусиқа маданияти, технология, жисмоний тарбия, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик) ва бошланғич таълим ўқитувчилари учун «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожлантириш соати» тадбирлари ташкил этилади.

Ушбу тадбирларда ментор-ўқитувчи сифатида фаолият юритадиган фан ўқитувчиларига асосий иш жойи бўлган умумий ўрта таълим муассасаси директор жамғармаси ҳисобидан лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

«Касбий ривожланиш куни» тадбирларига фанлар кесимида умумий ўрта таълим муассасаларининг етакчи ўқитувчилари жалб қилинади.

Касбий ривожланиш кунлари тегишли фан ўқитувчилари учун асосан касбий ривожлантириш тадбирларида иштирок этадиган иш куни ҳисобланади.

«Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожлантириш соати» тадбирлари ўтказиладиган вақтда тегишли фан ўқитувчилари мактаблардаги дарс машғулотлари ва бошқа тадбирларга жалб қилинмайди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг педагоглар малакасини ошириш, замонавий методикаларни қўллаган ҳолда дарсларни ташкил этиш бўйича Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорликда олиб бораётган фаолияти хусусида ҳам сўз юритилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг июнь ойида «Маршалл Cавендиш Эдуcатион» ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган семинар-тренингларнинг мантиғи давоми сифатида 5-8 август кунлари Республикамиз бўйлаб "Муваффақиятли ислоҳотлар — юқори натижалар" мавзусида ташкил этилган семинар-тренинглар ташкил этилди.

Каскад усулида ташкил этилган ҳамда 2000 нафарга яқин устозларни ўз ичига қамраб олган ушбу маҳорат дарсларида мактаб директорлари, математика ва табиий фанлар устозлари малакали тренер мутахассислардан янги билим ва кўникмаларни ўрганишди, ўзаро тажриба алмашишди.

Машғулотларда таълимни рақамлаштириш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, таълимда лидерлик, замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш каби мавзуларда сўз юритилди.

Сингапур тажрибаси асосида мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни касбий ривожлантиришга доир илғор тажрибаларни алмашиш бўйича фикр-мулоҳалар билдирилди. Хусусан, ўқувчилар билими ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълимни рақамлаштириш бўйича мулоқот қилинди.

Ушбу тренинг машғулотлари жорий йилнинг 19-22 август кунлари туман (шаҳар)лар бўйича, 26-29 август кунлари умумтаълим мактаблари миқёсида ташкил этилиши режалаштирилган.

Тадбир сўнггида журналистларнинг мавзуга доир саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu