Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Япониянинг Киото шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик моддалар истеъмолини олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича 14-конгрессида масофадан туриб ўз маърузаси билан (инглиз тилида) иштирок этди.
Вазир ўз нутқида вазирлик томонидан БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга ошириб келинаётган ишларнинг аҳамияти ва қўлга киритилган натижалар тўғрисида конгресс иштирокчиларига батафсил маълумот берди.
Хусусан, 2015 йилда қабул қилинган Доха декларацияси доирасида амалга оширилган ишларнинг республикамиз халқ таълими тизимидаги имплементацияси масаласига алоҳида эътибор қаратди. Мисол сифатида «Зорблар» мультсериалининг Ўзбекистон таълим тизимида янгидан жорий этилган «Тарбия» фани дарсликларига киритилганлиги алоҳида қайд этилди.
Ўз нутқининг сўнггида вазир БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хонимга кўп йиллик самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, алоқаларни янада ривожлантириш бўйича таклиф билдирди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг нутқи конгресс иштирокчиларида катта қизиқиш билан кутиб олинди. Хусусан, конгресс ишида раислик қилган БМТнинг масъул ходими Жон Брандолино Ўзбекистонда мазкур йўналишда амалга оширилган ишларга юксак баҳо берди.
Мазкур конгресс ҳақида тўлиқ ахборотни ушбу ҳаволадан олишингиз мумкин.