Республикадаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари малакаси каскад усулида оширилади

6 август 2024 йил
image

Республикадаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари малакаси каскад усулида оширилади

 

Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бошчилигида оилавий ва ДХШ асосидаги боғчаларга бериладиган субсидиялар, янги ўқув йилида 1-синфга қабул жараёнлари, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагогларини узлуксиз касбий ривожлантириш, “Устозлар миллий форуми”ни ўтказиш масалаларига бағишланган “Вазир соати” бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосарлари, вазирлик масъуллари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари иштирок этди.

Вазир Ҳилола Умарова кун тартибидаги масалаларга атрофлича тўхталиб ўтар экан, бугунги кунда мактабгача таълим билан қамраб олинган 2 млн нафардан ортиқ боланинг 712 минг нафари (31,2 фоиз) оилавий боғчаларда тарбияланаётганлигини айтиб ўтди. Аммо айрим таълим масканларида яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёнларининг давлат ўқув дастурлари асосида ташкил этилганлиги, соғлом ва хавфсиз овқатлантириш каби масалалар барча боғчаларда ҳам кўнгилдагидек эмас.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2024-2025-ўқув йилида 1-синфга 719 минг нафардан ортиқ ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган бўлса, шу кунга қадар 603 минг нафардан ортиқ ариза қабул қилинди ва бу жараён давом этмоқда. 1-синфига қабул қилинган ҳар бир ўқувчи вазирликнинг adm.maktab.uz платформасига киритилиб борилмоқда.

Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг август-декабрь ойларида Жаҳон банки лойиҳаси доирасида 4 босқичда семинарлар ташкил этилиб, хорижий мутахассислар томонидан энг сара методистлар мастер-тренер сифатида тайёрланади.

Бу ўқув жараёнлари ҳудуд ва туманларда каскад усулида давом эттирилади. Натижада 7 минг нафар методист ва 78 минг нафар тарбиячининг малакаси оширилади.

Айтилганидек, 15-16 август кунлари “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остида “Устозлар миллий форуми”нинг республика босқичи ўтказилиши режалаштирилган. Унда ҳудудлардан 400 нафар илғор, ташаббускор, етакчи ўқитувчи ва тарбиячилар жалб этилади.

Тошкент вилоятида жойлашган “Ренессанс” болалар оромгоҳида ташкил этилиши кўзланган ушбу Форум тадбирлари каскад усулида давом эттирилиб, 19-20 август кунлари вилоят, 23-24 август кунлари туман (шаҳар), 27-30 август кунлари барча мактабларда ташкил этилади.

Мазкур вазифалар ижросини юқори савияда ташкил этиш бўйича йиғилиш иштирокчиларига муҳим топшириқлар берилди.

Тадбир сўнггида вазирлик масъуллари ва ҳудудий бошқарма бошлиқларининг кун тартибидаги мавзуларга оид ҳисоботлари тингланди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu