Ўзбекистоннинг ПИСА 2022 тадқиқотидаги натижалари эълон қилинди

5 декабрь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти, Жаҳон банки ва ОЕCД ташкилоти ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг ПИСА 2022 тадқиқоти натижаларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. 

Конференцияни кириш сўзи билан вазир Ҳилола Умарова очиб берди:

– Президентимиз томонидан замонавий кўникмаларга эга, кенг дунёқарашли замонавий кадрлар тайёрлаш ҳамда таълим тизимини такомиллаштиришдаги халқаро интеграция масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлиги барчага яхши маълум.   

Бугун эълон қилинган Ўзбекистон таълим тизимининг ПИСА тадқиқотларидаги илк натижаларини олдимизга қўйган мақсадларга эришишдаги кейинги қадамларимиз учун жуда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

Албатта, соҳада ютуқларимиз қаторида баъзи муаммоларимиз ҳам бор, буни яширмаймиз. Аммо ниятимиз ҳам, мақсадимиз ҳам шуки, биз бу камчиликларни бартараф этиш учун барча имкониятларни ишга солганмиз. Бунинг учун малакали мутахассисларимиз, меҳнаткаш устоз-ўқитувчиларимиз билими ва салоҳиятига суянамиз.

ПИСА 2022 тадқиқотида, Ўзбекистондаги 15 ёшли ўқувчилар математика фанидан жами 364 бални қўлга киритди.

Мазкур йўналишда ўғил болалар қизларга қараганда баландроқ, мактаблар жойлашуви бўйича таҳлил қилинганда шаҳар мактаблари қишлоқ мактабларидан яхшироқ натижа қайд этди

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ‑5712‑сон фармонига кўра, 2030 йилгача халқаро баҳолаш дастурларида узлуксиз иштирок этиш ҳамда дунёнинг илғор мамлакатлари қаторига эришиш мақсадлари белгилаб берилди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси, Жаҳон банки, Таълим соҳасидаги тадқиқотлар бўйича Австралия кенгаши, Таълим тест хизмати (АҚШ), Бостон коллежидаги ТИМСС ва ПИРЛС халқаро тадқиқот маркази (АҚШ), Вестат (АҚШ), ЭРТИАЙ интернейшнл, Канада статистика маркази, КАПСТАН Халқаро лингвистик сифатни таъминлаш маркази (Белгия), Россия Таълимни ривожлантириш стратегияси институти ва бошқа нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Мамлакатнинг мазкур тадқиқотларда иштирок этиши Жаҳон банкининг “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистонда ПИСА 2022 тадқиқотини ўтказиш бўйича ҳукумат номидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЕCД) билан 2018 йил 11 декабрда шартнома имзоланган бўлиб, қарийб 5 йиллик олиб борилган меҳнатлар, чора-тадбирлар ва тадқиқотлардан сўнг, 2023 йил 5 декабр куни дунё миқёсида мазкур тадқиқотнинг натижалари эълон қилинмоқда.  

Шу ўринда, ПИЗА халқаро тадқиқотининг ташаббускори Андреас Шляйҳернинг сўзларини келтириш ўринлидир: “Мен Ўзбекистонни ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш ПИЗА халқаро дастурининг 2022-йилги циклидаги дастлабки иштироки натижаларини муваффақиятли эълон қилганлиги билан қутлайман. Ўзбекистон ПИСА халқаро тадқиқотида илк марта иштирок этди. ПИСА 2022 дастури 2000-йилда бошланганидан буён ўтказилган халқаро баҳолашнинг саккизинчи босқичи бўлиб, унда 81 та мамлакат ва иқтисодиётлар иштирок этди. Ушбу иштирокчиларнинг барчаси, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам ПИСА 2022 лойиҳаси даврида CОВИД-19 пандемияси туфайли кўп қийинчиликларга дуч келди. Танаффусларга қарамай, Ўзбекистон 2022-йилда ПИСА техник стандартларига жавоб берадиган маълумотларни тўплашга муваффақ бўлди ва ушбу миллий ҳисобот учун маълумотлар таҳлилини тақдим этди. Бу тадқиқотнинг муҳим босқичи бўлса-да, ҳисоботнинг чиқарилиши якуний нуқта эмас, балки бошланиши эканлигини тан олиш керак.

Мустақил ҳаёт сари илдамлаётган 15 ёшли ўсмирларнинг саводхонлиги, креатив ва мантиқий фикрлаш қобилияти, мактабда олган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиши, бир сўз билан айтганда мустақил ҳаётга тайёргарлигини ўлчаш воситаси сифатида ПИЗА халқаро баҳолаш дастури дунёда етакчи ўринларни эгаллайди.

Мазкур тадқиқотлар нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда профессионал ва илмий асосланган ёндашувлар асосида ташкил этилишини инобатга олган ҳолда, тадқиқотларда мактабларнинг иштирокини таъминлаш ишлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан ташкил этилган бўлса, ҳозирги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2023 йил 28 августдаги 278-сонли буйруғи асосида Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан олиб борилмоқда.  

Ўтган давр мобайнида Халқаро тадқиқот дастурлари ҳақида педагогларнинг салоҳиятини ривожлантириш, ўқувчиларнинг амалий кўникмалари, фанлар бўйича саводхонлиги, мантиқий ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида 348 та таянч мактаблар, 14 та ҳудудга масъул координаторлар белгиланган. Педагогларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун 260 нафар миллий ва 1 750 нафар ҳудудий тренерлар тайёрланган. Шунингдек, ўқиш, математик, табиий-илмий саводхонлик ва креатив фикрлаш йўналишлари бўйича 35 номдаги ўқув-услубий ҳамда 250 номдаги видеоматериаллар ишлаб чиқилган.

Тадқиқотларни ўтказилиш жараёнлари ҳақида сўз юритилар экан, таъкидлаш жоизки, ПИЗА тадқиқотида мамлакатнинг барча ҳудудларидан репрезентативлик тамойили асосида тасодифий равишда танлаб олинган 202 та таълим муассасалари, жумладан, умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар мактабларида тахсил олаётган  7363 нафар 15 ёшли ўқувчиларнинг иштироки таъминланди. Мазкур методика асосида танлаб олинган респондентлар қарийб 6 миллионлик ўқувчиларнинг вакили сифатида қатнашганлик ҳақида илмий хулосаларга келишга ёрдам беради.

Шуни таъкидлаш жоизки, тадқиқотнинг дунё мамлакатлари билан солиштирма хусусиятларини сақлаб қолиш талаблари ўзига хос ва қатъий стандартларни жорий этишни тақозо этади. Ўзбекистон томонидан белгиланган ПИЗА учун масъул жамоа томонидан тадқиқот материаллари ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб, Белгиядаги йирик халқаро КАПСТАН лингвистика маркази томонидан халқаро верификациядан ўтказилган.

Австралия таълим тадқиқотлари ташкилотидан Урсула Швантнер хоним масъул маслаҳатчи сифатида жалб этилди. АҚШ, Австрия, Германия, Италия, Греция, Сербия, Тайланд  давлатларида, шунингдек онлайн шаклда ташкил этилган 27 та халқаро семинар ва тренингларда 30 нафар мутахассисларнинг малакаси оширилди.

Мактаб координаторлари, 54 нафар Миллий сифат назоратчилари, 60 нафар тест администраторлари, 60 нафар баҳоловчилар тайёрланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ПИСА тадқиқотида биринчи марта иштирок этаётганлигини инобатга олган ҳолда, 2022 йил 11-12 апрель кунлари тадқиқотнинг рамзий очилишига бағишланган “Таълимдаги халқаро тадқиқотларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман ташкил этилгани тадқиқотнинг аҳамиятини янада оширган.

Халқаро тадқиқотлар ҳар 3-5 йиллик даврийликда дунё мамлакатларида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. 2019 йил ноябрь ойида Инсон капитали индексини аниқлашга доир тадқиқот, 2021 йилда Таълимдаги узилишларни баҳолашга оид РЕДС ҳамда ПИРЛС тадқиқотлари, 2022 йилда ПИЗА, 2023 йилда эса ТИМСС тадқиқоти ташкил этилди. Ушбу изланишларда ўқувчиларнинг математик, табиий-илмий ва ўқиш саводхонлиги, креатив фикрлаш кўникмаларини баҳолашга қаратилган тест топшириқлари, шунингдек, таълим олишга таъсир этувчи омилларни аниқлашга қаратилган сўровномалар ўтказилди. Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги устувор мақсадлардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, жараёнлар Вестат, Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси ташкилотларининг вакиллари томонидан кузатиб борилди.

Узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистоннинг таълимга оид натижалари тарихда илк маротаба халқаро солиштирма тадқиқотларнинг ҳисоботларида намоён бўлди. РЕДС ва “Таълимдаги йўқотишларни баҳолаш” тадқиқотлари муйян вақт давомидаги узилишларнинг таълим тизимига таъсирини таҳлил қилиш имконини берган бўлса, ПИРЛС халқаро тадқиқотининг натижалари бошланғич таълимнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида чақириқларни келтириб чиқарди.

Натижаларга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон, Жаҳон банкининг Инсон капитали индексида 0.62 индекс кўрсаткичини қайд этди. Бу эса, кейинчалик даврий равишда инсон капитали ривожланишидаги ўзгаришларни кузатиб бориш, халқаро солиштирма таҳлиллар қилиш имконини беради.

“Жаҳон банки Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлашдан мамнун. Банк кўмагида мамлакат сўнгги йилларда биринчи марта халқаро баҳолаш (ПИЗА, ПИРЛС, ТИМСС, ТАЛИС)да қатнашиб келмоқда”, - деди Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги Инсон тараққиёти дастури раҳбари Тазин Фасиҳ хоним. “Банк мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги билан доимий ҳамкорликка содиқ қолади. Биз ҳукуматга ПИРЛС ва ПИЗА натижаларига асосланган ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишда ва ушбу халқаро баҳолашларнининг кейинги босқичида иштирок этишни давом эттиришида ёрдам беришга тайёрмиз. Ушбу баҳолашлар бизга таълим сиёсати самарадорлигини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнлари ва ўқувчиларнинг ютуқларини яхшилашга қаратилган онгли қарорлар қабул қилиш имконини беради."

Ушбу тадбирлар Ўзбекистонда таълимдаги ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини ошириш ва мамлакатнинг дунё миқёсда нуфузини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистоннинг ПИЗА 2022 йилдаги тадқиқотида иштирок этишга оид натижаси 2023 йил 5 декабрь куни халқаро даражада эълон қилинади. Мазкур тадқиқотда Ўзбекистонга оид маълумотларни чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг вакили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотида 5 ой давомида тренингда қатнашиб, Миллий ҳисоботни ёзишда иштирок этди.

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида эришилган келишув ҳужжати эса мазкур нуфузли дастурнинг 2025 йилдаги тадқиқотида иштирок этиш имкониятини яратиб берди.

Бу эса, келгуси 3 йилда Ўзбекистон таълимида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаларини, таҳлиллардаги ўзгаришларда кузатиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш имкониятини беради.

Мазкур конференцияда эълон қилинаётган Ўзбекистоннинг илк иштирокида ўтказилган ПИСА 2022 натижалари таълим сиёсатига оид қимматли маълумотларни тақдим этиши билан муҳимдир.

Ушбу халқаро нуфузли тадқиқот бераётган бир қатор ўрганиш натижалари, жумладан, ўқувчиларнинг математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ютуқлари, уларнинг ҳаётдан қониқиши, келажакдан умидлари, гендер тенглик, мактаб муҳити, СОВИД 19 пандемияси давридаги таълим, таълимга инвестиция қилинган ресурслар ва уларнинг таълим ютуқларига таъсири каби маълумотлар тизимни ислоҳ қилиш учун тузилаётган режаларнинг самарадорлигини таъминлайди.

Шунингдек, ПИСА тадқиқоти ҳар бир мамлакатга ўзининг кучли ва заиф томонларини дунё таълим тизими билан қиёслаш имконини беради. Ушбу тадқиқотлар орқали мамлакатдаги таълим тизими, таълим муҳити, таълимни ташкил этилиши, ўқувчиларнинг танқидий ва ижодий фикрлаши, эгаллаган билимларини ҳаётда қўллай олиш қобилиятлари, ота-оналарнинг фарзандларини таълим олишларига эътиборлари ва уйда яратилган шароитлари бўйича атрофлича илмий асосланган ва ишончли маълумотлар олишга эришиш кўзда тутилган.

Конференцияда тегишли вазирлик ва ташкилотлар ходимлари, хорижий соҳа экспертлари, олимлар, соҳа мутахассислари , олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ва Педагогика марказларининг педагог ва раҳбар кадрлари  иштирок этишлари режалаштирилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu