Сайт тест режимида ишламоқда

ҲАР КУНИ ЭРТАЛАБ СИНФГА “ХАЙРЛИ ТОНГ, УСТОЗ” ДEЯ ЎҚУВЧИЛАРИМ КИРИБ КEЛАДИ ВА БУ ЭНГ ҚИЙИН СИНОВЛАРНИ ҲАМ ЕНГИШ УЧУН ЕТАРЛИ КУЧ БEРАДИ

18 сентябрь 2023 йил
image

Мақоламиз қаҳрамони — чекка бир ҳудудда ёш авлод қалбини илм нурлари ила чароғон этиб келаётган оддий қишлоқ ўқитувчиси – Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 41-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани муаллимаси Елена Азимжонова. 

Хўш, у қандай қилиб шу натижага эришди?

20 йиллик педагогик тажрибага эга бўлган маҳоратли муаллима ўз муваффақиятларининг сири ҳақида гапириб берди.

— Аслида омад, муваффаққият – меҳнат ва изланишнинг ҳосиласидир,- дейди у. -Ҳаётда ҳеч нарсага шунчаки эришиб бўлмайди. Менинг энг биринчи ютуғим – ўзим севган касбда фаолият олиб бораётганимдир. Мактаб, ўқувчиларим – ҳаётим мазмуни.

Яна бир муҳим жиҳати – мен ўқитувчиси эъзоз топаётган, меҳнати юксак қадрланаётган мамлакатнинг ўқитувчисиман. Буни фахр билан қайта-қайта такрорлашдан сира чарчамаймай.

Агарки, касбингни севсанг, ўз устингда излансанг, берилган имкониятлардан унумли фойдалансанг – муваффақият сенинг қўлингда! Ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан юксалиб бораверасан, ҳурмат-эътибор қозонасан, ўзингни бахтиёр ҳис этасан. ЎН ОЛТИ МИЛЛИОН МАОШ, ШАХСИЙ МАШИНА, КЎРКАМ ҲОВЛИ ВА ЮКСАК МАРТАБА - ўз касбим ортидан бугун шуларнинг барчасига эгаман. 

Касб танлаш ҳаётдаги жиддий қадам бўлиб, уни улғайиш босқичида онгли равишда амалга ошириш керак - ҳар доим шундай бўлган, лекин мен бу қоидадан истисноман. Чунки мен жуда ёшлигимда ўқитувчи бўлишга қарор қилганман. Бу қарорга илҳомлантирган инсонлар бутун умрини ўқитувчиликка бағишлаган яқинларим эди.

Ҳозирги кунда олий тоифали ўқитувчиман, шунингдек, ТEСОЛ, ЭСОЛ, IELTS, Лингуаскилл каби халқаро миқёсда тан олинган сертификатларнинг C1 даражасига эгаман.

2021-йилда Америка Кенгаши ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигидаги ЭСН лойиҳасида финалист сифатида танланиб ,ТEСОЛ, ТEТE, ТОТ, ЭЛТеач каби Америка Қўшма Штатларининг етакчи Георге Масон Университети ва ТEСОЛ уюшмаси профессорлари мураббийлик қилган малака курсларида бир йил давомида ўқиш имкониятини қўлга киритдим.

Ўтган ўқув йилида вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилган синовларда иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олдим.

Бугун нафақат Қоракўл тумани, балки Бухоро вилоятида услубий ёрдам кўрсатувчи мобил гуруҳнинг фаол аъзоларидан бириман. Менимча, ёш авлодни тарбиялашда нафақат ўқувчиларга билим бериш, балки фан ўқитувчиларига услубий ёрдам бериш ҳам устувор ва муҳим мақсадлардан биридир. Чунки ўқитувчи салоҳиятли бўлсагина, ўқувчиларни ўз ортидан эргаштира олади. 

Айни пайтда ўқувчиларга билим бериш, ҳамкасбларимга методик ёрдам кўрсатиш баробарида таълим бўйича магистр даражасини олишга интиляпман. Бундан ташқари, таълимдаги ташкилий назария, мактаб ҳуқуқи, музокаралар ва ҳатто молия каби мавзуларни чуқур ўрганиш орқали ўз тажрибамни бойитишни кўзлаяпман.

Барча интилишларимнинг марказида ўқувчиларимга ўқишда ва мақсадларини аниқ белгилашда ёрдам бериш, уларни жамиятга ижобий ҳисса қўшадиган кишилар бўлишга ундашга бўлган қатъий истагим ётади.

Мен ишимни яхши кўраман. Ҳар куни эрталаб синфга “хайрли тонг, устоз” дея ўқувчиларим кириб келади ва бу инглиз тилини болаларга ўқитишда энг қийин синовларни ҳам енгиш учун етарли куч ва мотивация беради.

Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu