“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантиришга доир қатор вазифалар белгиланди

12 сентябрь 2023 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида“ги Фармони ҳамда Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.

Мазкур қарорга асосан, 2024 йил 1 январдан бошлаб:

давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилади;

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир ва Хонқа туманларидаги барча бошланғич синф ўқувчилари эксперимент тариқасида таълим планшетлари билан таъминланади ҳамда келгусида мазкур тажриба республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилади;

банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

умумий ўрта таълим муассасаларининг касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади;

Бунда, дастлабки босқичда ушбу тартиб зарур кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган умумий ўрта таълим муассасаларида жорий этилади;

Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланади.

Бунда, умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари “таянч мактаблар” томонидан янги таълим дастурлари, дарс ўтишнинг илғор методикалари ва ўқувчи билимини баҳолашнинг замонавий усулларига ўргатилади.

Шунингдек, жорий йилда қарорда белгиланганидек:

мактабгача таълим қамров даражасини 74 фоизга ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари сонини 26 мингтага етказилади;

давлат мактабгача таълим ташкилотларида автоматлаштирилган тизимни ишга туширилади, хусусан, биометрик идентификация қилиш технологиясини қўллаган ҳолда ходимлар ва тарбияланувчиларнинг давоматини юритиш йўлга қўйилади;

Ислом тараққиёт банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи ва Таълим бўйича глобал ҳамкорлик ташкилотининг “Ўзбекистон Республикасида таълим сифати   ва самарадорлигини ошириш”   қўшма молиялаштириш лойиҳаси амалга оширилади;

мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг қурилиш ишлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатилиб, янги қуриладиган ёки реконструкция қилинадиган мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида олиб борилаётган ишларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган болаларга “тўсиқсиз муҳит” яратиш устидан доимий назорат қилиш ва кенг жамоатчиликни жалб қилиш механизмлари ишлаб чиқилади;

умумий ўрта таълим муассасаларида 1-синфдан компьютер саводхонлиги дарслари жорий этилади.

2023/2024 ўқув йилида:

мамлакатимиз бўйича 120 дан ортиқ умумий ўрта таълим муассасаларида тажриба-синов тариқасида танлов фанлари жорий қилинади.

Қарорга кўра:

“Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юбориш режаси;

умумий ўрта таълим мактаблари рақбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади;

нодавлат умумий ӯрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва бунда нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун ҳар йили республика бўйича камида 50 гектар ер участкаларини аукционга чиқариш амалиёти йўлга қўйилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu