ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ USAID БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ЯНГИ ТАЪЛИМ СТАНДАРТЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАДИ

14 январь 2021 йил
image

Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари учун синфлар ва фанлар бўйича ўзлаштиришнинг янги стандартларини жорий этмоқда. Мазкур стандартлар вазирликка хар бир синф кесимида ўқувчилар билимини аниқлаш, соҳада ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни ишлаб чиқиш имконини беради. Бу эса танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва амалий кўникмаларга эга бўлган мактаб битирувчиларини етиштириб берадиган сифатли таълим тизимини яратишнинг фундаментал асосларидан биридир.

Жорий йилнинг 14 январидан 1 февралига қадар таълим соҳасининг 60 дан ортиқ мутахассислари USAID томонидан молиялаштирилган Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури» таълим стандартларини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этади. Семинарнинг мақсади вазирлик ходимларини она тили ва математика фанларидан (1-4 синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (1-11 синфлар учун) таълим стандартларининг лойиҳасини тақриз қилишга тайёрлашдан иборат.

«Ушбу семинар ходимларимизнинг она тили, математика ва информатика ва ахборот технологиялари фанларидан таълим стандартлари лойиҳаларини пухта тақриз қилиш бўйича малакасини оширади. Аниқ стандартлар асосида ўқитиш ва билим олиш юқори сифатли таълим стандартлари асосини ташкил этади ҳамда ўқувчиларнинг билим олишдаги натижаларини янада яхшилайди», — дейди Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов.

 

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим тизимини тизимли ва комплекс ислоҳ қилишнинг улкан дастурини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. USAID вазирликни ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабрь ойида тўрт йиллик «Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури»нинг ижросини бошлади. Дастур АҚШнинг Research Triangle Institute (RTI) ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссиссиппи давлат университети томонидан амалга оширилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu