Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларини битирган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларига кўра “қизил”, “сариқ”, “яшил” мактаблар тоифаларига ажратилди.
Булунғур туманида 69 та умумтаълим мактаби мавжуд. Уларнинг атига биттаси “яшил мактаб”, 13 таси “қизил мактаб” тоифасига киради. “Қизил мактаб” тоифасидаги аксарият мактабларда икки ўқув йилида бирорта ҳам битирувчиси сурункали ОТМга ўқишга кирмаганлари ҳам бор. Худди шундай мактаблардан бири Булунғур туманидаги 57-умумтаълим мактабидир.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқандга ташрифида вилоятдаги таълим сифати салбий кўрсаткичларга эга мактаблар, жумладан, Булунғурдаги 57-мактабда ҳам бўлди.
2019/2020 ўқув йилида ушбу мактабни 33 нафар ўқувчи битирган бўлиб, бирортаси ОТМга кира олмаган. Афсуски, ундан олдинги 2018/2019 ўқув йилида ҳам мактабни битирган 29 нафар битирувчидан бирортаси талабаликка тавсия этилмаган.
Вазир ушбу муаммонинг сабаблари билан қизиқди. Ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаганлиги, 6 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган мактаб директорининг масъулияцизлиги, битирувчиларнинг билими ва қизиқиши доирасида 5 та ОТМга кириш имконияти яратилган бир пайтда бундан тўғри фойдаланиш бўйича ўқувчиларга тегишли тавсиялар етказилмаганлиги муҳокама жараёнларида маълум бўлди.
Тумандаги 51-мактабда ҳам худди шундай салбий кўрсаткичлар қайд этилган. Ваҳоланки, ушбу таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнлари учун, ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий таъминоти учун имкониятлар яратилган.
Булунғур тумани марказидан 60 километр узоқликда жойлашган 11-мактабда таълим олиш учун нафақат туман, балки вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан, ҳатто турли вилоятлардан ҳам ўқувчилар келиб ўқимоқда. Масалан, шу мактабда таълим-тарбия олаётган 858 нафар ўқувчининг 131 нафари вилоятнинг ҳар хил туманларидан, 106 нафари эса бошқа вилоятлардан келиб ўқимоқда. Бу мактабда таълим сифати, раҳбарнинг талабчанлиги ва ўқитувчиларнинг ўз касбига масъулият билан ёндашиб келаётганидан далолатдир.
Ўтган ўқув йилида мактабни 86 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 29 нафари, яъни 33,7 фоизи ОТМга ўқишга кирган. Ундан олдинги йилги натижадан 6-7 фоизга ортган. Мактаб жамоаси ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланган бўлиб, доимий равишда малака ва тажрибасини ошириш, ўқувчилар учун дарсдан ташқари қўшимча фан тўгараклари самарали йўлга қўйилган. Бу, албатта, муассасада эришилаётган ютуқлар сафини кенгайтирмоқда.
Халқ таълими вазири Ш.Шерматов мактабнинг ушбу ютуқларини эътироф этиб, ўз тавсияларини билдирди. Жумладан, бундан буён, “қизил мактаб” тоифасидаги мактабларнинг директори лавозимига “яшил”, яъни таълим сифати кўрсаткичлари юқори бўлган мактабларнинг амалда ишлаб турган ўринбосарлари, ёш, ташаббускор, билимли, раҳбарлик қобилиятига эга бўлган фан ўқитувчилари номзодини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида уч йиллик ривожлантириш дастурларини ҳимоя қилган ҳолда лавозимга тайинлаш амалиёти йўлга қўйилишини таъкидлади.
Бу борада Самарқандда даставвал “Булунғур тажрибаси” йўлга қўйилиб, 11-умумтаълим мактаби директори ўринбосарлари ва илғор тажрибага эга, билимли ва юқори касбий маҳоратли, ёш ўқитувчиларининг номзоди “қизил мактаб” тоифасидаги муассасалар директори лавозимига тавсия этиладиган бўлди.