Савол: Методик бирлашма раҳбари учун берилаётган 10 фоиз устама ўқитувчилар учун берилаётган 40 фоиз устаманинг таркибий қисмига кирадими? Ёки 40+10 ҳолатида тўланадими?
Ушбу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Молия-иқтисод департаменти ва Юридик бўлими ходимлари жавоб беришди.
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 30-сентябрдаги 823-сон Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 26-бандида умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёни сифатини янада яхшилаш, фанлараро интеграцияни кучайтириш, таълим ва тарбия жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, СТЕАМ ёндашувини самарали татбиқ этиш, таълим жараёнида педагог ходимларга ўз вақтида методик ёрдамни ташкил этиш, уларнинг касбий ва методик маҳоратини ҳамда малакасини оширишда фаоллиги учун Ишчи гуруҳнинг қарори билан (мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган ўқитувчилар умумий сонининг 50 фоизидан ташқари) умумтаълим муассасасининг фан йўналишлари бўйича услубий бирлашмалари раҳбарлари ўқитувчи сифатида ушбу Низомнинг
20-бандига асосан олиши мумкин бўлган (40 фоизгача) устамага қўшимча равишда базавий тариф ставкаларига 10 фоиз ҳар ойлик устама ҳақ белгиланиши мумкин.
Шунга кўра ўқитувчиларга бир вақтнинг ўзида Директор жамғармаси ҳисобидан ушбу Низом талаблари асосида 40 фоизгача ҳар ойлик устамага қўшимча равишда 10 фоиз услубий бирлашма раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ (жами 40+10=50%) тўланади.