КЎЗИ ОЖИЗ ПЕДАГОГ ХОДИМЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР
Савол: Мен мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман. Кўриш бўйича 1-гуруҳ ногирониман. Қонунчиликда ногиронлиги бор шахслар, жумладан ўқитувчилар учун қандай имтиёзлар назарда тутилган?
Ушбу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Юридик бўлими ходимлари жавоб беришди.
Жавоб: Қонунчиликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жумладан қуйидаги имтиёзлари мавжуд:
- Кўзи ожиз ўқитувчилар дарс берадиган мактабда ҳар 2 нафар кўзи ожиз ўқитувчи учун 1,0 бирлик таржимон – котиба лавозими киритилган.
- Мактабда 1 нафар кўзи ожиз ўқитувчи ишлаган ҳолларда1,0 бирлик таржимон-котиба лавозими киритилган.
- Ногиронлиги бўлган шахслар 30 календар иш кунидан иборат узайтирилган меҳнат таътили олишга ҳақли.
- Меҳнат иш ҳақига эга бўлган ногиронлиги бўлган шахслар ҳар 2 йилда бир марта ногиронлик нафақасини қайта ҳисоблатиш ҳуқуқига эга.
- Ногиронлиги бўлган абитуриентлар умумий қабулнинг 2% миқдорида квота асосида ОТМга ўқишга қабул қилинади. Хусусан кўришида нуқсони бўлган I-II гуруҳ абитуриентлар 5 балли баҳолаш тизимида оғзаки имтиҳон олиш тартибида ўқишга қабул қилинади.
- Ногиронлиги бўлган шахслар касаллик тоифасига кўра ҳар 6 ойда йўлланма асосида бепул соғликларини тиклашлари кўзда тутилган.
- I-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, хусусан, кўзи ожиз инсонлар етакловчиси билан биргаликда жамоат транспортидан бепул фойдаланишади.
- Ёшлар дафтарига киритилган оилаларнинг ногирон фарзандлари нодавлат таълим тизимида ўқиса, унинг таълим ҳаражатлари базавий ставканинг 50 баробаригача бўлган қисми субсидия асосида қоплаб берилади.
- Ногиронлиги бўлган шахслар ишга синов муддатисиз қабул қилинади.
- Ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат муассасаларида квоталанган иш ўринлари яратилади.