Жорий йилнинг 27 ноябрь куни ижтимоий тармоқларнинг facebook “O’zbekiston Respublikasi. Xalq fikri” саҳифасида Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Дурдонахон Тўхтабоева томонидан шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби собиқ директори Ёрматова Шаҳнозага нисбатан шахсий адовати сабаб мурожаат қолдирган.
Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси мурожаатда кўрсатиб ўтилган важлар юзасидан қўйидагиларни маълум қилади:
Шикоят хатида Дурдонахон Тўхтабоева Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби собиқ директори Ёрматова Шаҳноза мактаб директорлик вазифасидан мени аризамга асосан ишдан олинган, дея таъкидлаган. Ҳақиқатда эса Ёрматова Шаҳноза ўз хоҳишига кўра (аризасига биноан) ишдан бўшаган ва меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги аниқланди. (Асос: вилоят халқ таълими бошқармасининг 2018 йил 19 декабрдаги 433-к-сонли буйруғи).Ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, мактабнинг собиқ директори Шаҳноза Раҳматова ва фуқаро Дурдонахон Тўхтабоеваларнинг ўрталаридаги шахсий адоват асоссиз шикоят хати ёзилишига сабаб бўлган. Айни дамда Ш.Ёрматова ишсиз. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими мудири И.Расулов томонидан унга умумтаълим мактабларидан бирида ишлаш таклифи берилган, лекин фуқаро рад этгани (И.Расулов тушунтириш хати) маълум бўлди. Дурдонахон Тўхтабоеванинг шикоят хати келтирилганидек, Қўқон шаҳридаги қатор янги тайинланган мактаб директорларининг билими етарли эмаслиги борасидаги важ ҳам ўз тасдиғини топмади. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 41 та умумтаълим мактаблари директорлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида фуқаро Д.Тўхтабоева томонидан ўқитувчи ҳамда таълим раҳбарларини қадрсизлантирувчи, ҳеч қандай асосиз важлардан иборат эканлиги маълум бўлди. Жумладан:
8-умумий ўрта таълим мактаби директори М.Муҳиддинованинг фикрига кўра, шикоятчи томонидан ёзилган фикрлар, яъни янги тайинланган таълим раҳбарлари билимсиз эканлиги нотўғри. Уларнинг барчалари олий маълумотли, ҳатто магистратура мутахассислигини битирганлари ҳам бор. Бу эса шикоятчини қониқтирмаган кўринади.
39-умумий ўрта таълим мактаби директори А.Деҳқонов фикрига кўра, Д.Тўхтабоева директор ва раҳбарлар билим ва савияси ҳақида гапириш ва бошқарма бошлиғи тўғрисида ноўрин фикрлар билдиришдан аввал аслида ўзининг кимлиги ҳақида ўйлаб кўриши керак. Д.Тўхтабоеванинг бундай хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришларини талаб қиламан.
16-умумий ўрта таълим мактаб директори Ю.Шерова: Ижтимоий тармоқларда биз – педагоглар шаънига отилган маломат тошларига жим қараб тура олмаймиз. Уларга нисбатан керакли муносабат билдириш зарур, шахсий адоватларни ишга, айниқса, таълимга аралаштирмасликларини сўраган бўлар эдим. Мен раҳбарларга нисбатан бундай уйдирма гапларнинг тарқалишига, асоссиз равишда уларни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишларига қаршиман, деган фикр билдирди.
17-умумий ўрта таълим мактаб директори У.Азимов эса фаолияти давомида 4 маротаба малака оширишга бориб келганлиги, тажрибаси етарли бўла туриб бундай туҳматга учраганлиги учун бундай инсонларни судга бериш кераклиги талаб қилди.
Ўрганиш натижасида Ш.Раҳматовага фуқаро Д.Тўхтабоева айтганидек, Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимига (кадрлар бўлими ёки бошқа лавозимларга) меҳнат фаолиятини давом эттириш учун халқ таълими бўлими мудири томонидан буйруқ қабул қилинган эмаслиги аниқланди. Фуқаро Д.Тўхтабоева собиқ директор Ш.Ёрматовани келгусида ишга олинган тақдирда вилоят халқ таълими бошқармаси ва шаҳар халқ таълими бўлимини ижтимоий тармоқларга танқидий маънода чиқариб юборишлик билан қўрқитиб келган.
Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими мудири И.Расуловга фуқаро Д.Тўхтабоева 2018-2019 йиллар мобайнида 4-умумий ўрта таълим мактаби собиқ директор Шаҳноза Раҳматова устидан жуда кўп маротаба асоссиз шикоятлар қилиб келган. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими ходимларини ишга қабул қилиш фақат халқ таълими бўлими мудири (иш берувчи томонидан) И.Расулов томонидан амалга оширилиши фуқаро Д.Тўхтабоеванинг эсидан чиққан кўринади. Фуқаронинг мурожаат этиши бу унинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади, лекин бу дегани таълимни тушунмасдан туриб кимни ишга қабул қилишга тавсия бериш мутлақо нотўғри. Ҳозирги кунда шаҳар халқ таълими бўлимида кадрлар бўйича фаолият кўрсатиб келаётган Л.Мўминова аслида ўз хоҳишига кўра меҳнат фаолиятини тўхтатиш юзасидан 4-5 маротаба ариза берганлиги, уни ҳеч ким мажбурламаганлигини тушунтириш хатида ифода этди. Раҳбарлар ўртасидаги муносабат, камситиш, унинг оила аъзоларини танқид қилиш ҳолатларига нисбатан қонунчилигимиз йўл қўймайди. Шундай бўлса-да, Д.Тўхтабоева ўзининг асоссиз мурожаати орқали раҳбар ходимларни камситиш ва обрўсизлантиришга ҳаракат қилган. Ўрганиш жараёнида Фарғона вилоят ҳокими Ш.Ғаниев ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматовлар ўзаро қариндошчилик ёки қуда-андачилиги ришталари борлиги аниқланмади, бундай важни қаердан олганлигидан таажжубдамиз. Д.Тўхтабоева ўзининг шикоят хатида Данғара ва Қўштепа туманларининг таълим муассасалари ҳам асоссиз танқид остига олган. Бироқ, Данғара туманида бўлиб ўтган ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирилган, Қўштепа туманида эса вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари таълим сифатини ўрганиш, амалий ва методик ёрдам бериш ишларини олиб боришган. Таълимдаги камчилик ва ютуқлар тўғрисида керакли хулосалар қилинган, лекин “шикоятчи” бу ишлардан бехабар кўринади. Халқ таълими бўлими мудир ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган У.Аҳмедов бугунги кунда шаҳардаги 7-умумтаълим мактабида ишлаётганлигидан мамнунлиги, у раҳбарият томонидан яна халқ таълими бўлимига ишга таклиф қилинганини эслатиб, у мактабда ишласа, кўпроқ жамиятга фойдаси тегишлигини фахр билан айтди. Демак бу ерда ҳам шикоятчи туҳматга йўл қўйган, десак айни ҳақиқат бўлади. Жорий йилда “Маърифат” газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Ш.Мадраҳимова томонидан Фарғона тумани 9-умумий ўрта таълим мактаби директори Х.Турдиматова (вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Турдиматов турмуш ўртоғи) устидан ёзилган танқидий мақоласи аслида ўз тасдиғини топмаган. Айни “Маърифат” газетасининг кейинги сонида раддия эълон қилинган. Ҳақиқатан ҳам Х.Турдиматова судлашган, лекин суд натижасига кўра унга қўйилган важлар ўз исботини топмаган. Суд қарори унинг фойдасига чиқарилган (Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Фарғона вилоят иқтисодий суди 2018 йил 4 декабрь кунги 4-1501-1803/6375 сонли қарори, Фарғона туман маъмурий суди 18 май 2018 йилдаги ҳал қилув қарори 4-201/18. Бу каби маълумотлардан нохолис фойдаланиб, шикоятчи Д.Тўхтабоева Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари шаънига бўҳтон қилган). Бу ишлар аслида, афсуски, баъзи фуқаролар томонидан раҳбарларнинг обрўсини тушириш, шарманда қилиш, ўқитувчидек шарафли ва масъулиятли касб эгаларини мазах қилиш уларнинг “қурол”ига айланиб қолмоқда. Ўқитувчи ҳам ўз ўқувчиларининг ножўя ҳаракати ва интизоми учун танбеҳ беришга ҳақли. Бугун ўқитувчиларимизни таълим масканларида қилган кичик бир хатоларига эътибор берамизу, лекин унинг ғурури, шаънини ҳимоя қилишни унутиб қўямиз. Д.Тўхтабоевадек шахслар жамиятда таълим соҳасини тушунмаса, бугун устоздек шарафли номнинг қадрига етмаса, қандай қилиб ўқитувчи нуфузини кўтариш мумкин. Бугун ижтимоий тармоқлар бундай мурожаатларни қўллаб- қувватлаётган, таълим фидокорларига маънан зарар етказаётганликларини чуқурроқ ўйлаб кўрсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати