Бугун Фарғона шаҳрида «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» доирасида вилоят семинари бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилган топшириқлар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими тизимида коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Семинар Фарғона шаҳар Техника университетининг фаоллар залида ўтказилди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари, вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармаси вакиллари, Давлат фуқаролик хизмати — «Аргос» ҳуқуқий портали мутасаддилари, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, шунингдек, ҳудуддаги 5 та шаҳар ва туман мактабгача ҳамда мактаб таълими бўлими бошлиқлари, ҳисобчилари, кадрлар бўлими ходимлари, иқтисодчилар, таълим муассасалари раҳбарлари ва соҳага дахлдор ходимлар иштирок этдилар. Қолган шаҳар ва туманлардаги иштирокчилар эса онлайн тарзда семинарга уланиб қатнашдилар.
Унга вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Дерзод Долимов раислик қилди. У соҳада коррупцияни олдини олиш, тизимни шаффоф ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Семинар давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси бошлиғи Шахобиддин Джурабаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Фарғона вилояти филиали раҳбари ўринбосари Самандарбек Раҳмонов ҳамда вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси Сирожиддин Ғозиевлар сўзга чиқишди.
Улар сўнгги йилларда давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қарорлар, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, таълим соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ва қонунбузарликларнинг ачинарли оқибатлари ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек, соҳага оид муаммоларни бартараф этиш ва коррупциясиз муҳитни шакллантириш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.

Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга бағишланган видеороликлар ҳам намойиш этилди.