Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳам коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш мақсадида қонунбузарлик ҳолатлари юқори бўлган ҳудудларда «Коррупциятсиз соҳа» ва «Коррупциясиз ҳудуд» каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳалар доирасида Самарқанд вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари, туман, шаҳар бўлими бошлиқлари ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси бошлиғи Шахобиддин Жўрабоев бугунги кунда тизимда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Сўнгра, юртимизда бу иллатга қарши олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан коррупциянинг турли кўринишлари тизимда учраб тургани ачинарли ҳолат эканлиги қайд этилди ҳамда пора олиш, пора бериш ва ўзлаштириш коррупциявий жиноятлар орасидаги энг оғир ва ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган жиноятлардан бири эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш, бунда «ноқонуний бойлик орттириш», «учинчи шахсларнинг моддий манфаатларини кўзлаб таъмагирлик қилиш» каби ҳаракатларга чек қўйиш, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш, ходимларнинг коррупцияга қўл урмаслиги учун уларнинг ҳуқуқларини бузилишига йўл қўймаслик борасида масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.