Вазир Ҳилола УМАРОВА: "Ҳалол мактаб директорининг фаолиятига ҳеч ким тоўқинлик қилишига йўл қўймаймиз”
Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Сирдарё вилоятининг 300 дан ортиқ мактаб директорлари билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар ва режалар билан яқиндан танишди.
Учрашувда бугунги кун замонавий мактаб раҳбари олдидаги вазифалар ҳақида сўз борди:
“Директорлар мени энг кўп ўйлантирадиган, таълимдаги оғриқли нуқталардан бири. Кўп йиллар мактабда директор бўлганим учун бу лавозимнинг машаққатини биламан. Таълимда фақат сизлар билан ўзгариш қила олишимиз мумкин.
Ҳар бирингиздан биринчи навбатда ҳалоллик талаб қиламан. Ҳалол бўлмаган инсонга таълимда ўрин бўлиши мумкин эмас. Ҳалол мактаб директорининг фаолиятига ҳеч ким тўсқинлик қилишига йўл қўймайман. Директор ҳалол бўлса, унинг ёнида мен тураман!
Сиз билан биз ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрў ва нуфузини юксалтиришимиз керак. Бугун нима учун истаган ота-она мактабга келиб, ўқитувчига гапиришга ҳадди сиғяпти? Ўз ҳурматини, қадр-қимматини билган ўқитувчига ҳеч ким ортиқча гапиришга ҳадди сиғмайди. Ўқитувчиларнинг нуфузини кўтариш эса сиз-у бизнинг вазифамиз. Мактабга замонавий директор раҳбарлик қилса, буни ота-она ҳам сезади. Шу боис лавозимингизни суиистеъмол қилмаган ҳолда мактабингизда таълим сифатини коътаришга ўзингиз ҳаракат қилинг.
Вилоятда 325 та мактаб бор. Бу дегани, шунча раҳбар ва бир-биридан фарқ қилувчи шунча муҳит дегани. Шундай мактаблар борки, инфратузилмаси яхши эмас, лекин у ердаги муҳитни бирорта замонавий мактабдан топа олмайсиз.
Янгиликни ўзимиздан бошлашимиз керак. Биз эса вазирлик жамоаси билан биргаликда сизлар билан елкама-елка ишлаймиз.
Биз бир кемадамиз - зиёлилар кемасида. Бу тизимда муаммо бўлмаслиги учун оъз устимизда тинимсиз ишлашимиз лозим.
Ишимиз ҳам, жамоамиз ҳам оиламиз, ҳар иккиси тинч бўлса, коънглимиз хотиржам бўлади. Шундай экан, барчамизга доимо оиладан оилага ёруғ юз билан бориш насиб қилсин”, - дейди Ҳилола Умарова.