Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ҳамкорлигида ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларни маънан етук, баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, ҳаётий билимларини янада бойитиш мақсадида қатор интеллектуал танловлар ўтказиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 20-январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилаётган мазкур маданий тадбирлар юртимиздаги қатор умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ташкил этилмоқда.
Куни кеча Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтган "Заковат" интеллектуал ўйини ҳам қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Ушбу беллашувда ўқувчилар 10 та жамоага бўлинган ҳолда ўзаро куч синашишди. Бунда тарбияланувчиларнинг мактаб дарсликлари ҳамда қўшимча адабиётлардаги маълумотлар бўйича эгаллаган билим ва ақлий салоҳиятлари синовдан ўтказилди.
“Заковат” беллашувлари якунида мусобақада фаол иштирок этган ҳамда ғолибликни қўлга киритган жамоаларга мутасаддилар томонидан “Диплом” ва эсдалик совғалари топширилди.