“Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида ҳозирга қадар 24 мингдан зиёд ўқувчилар саёҳат қилишди

7 январь 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўқувчи-ёшларнинг қишги таътил кунларидаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 2 январь кунидан бошлаб “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида “Янги йилда – Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» шиори остида ўқувчилар иштирокида мамлакатимизнинг диққатга сазавор жойларига саёҳат тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ўқувчи-ёшларнинг таътил давридаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг мамлакатимизнинг тарихий ва муҳим масканлари, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида ўтказилаётган саёҳат тадбирларига ҳар бир ҳудуддан 400 нафардан, жами 5 минг 600 нафар мактаб ўқувчиларини қамраб олиш белгиланган.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан саёҳат тадбирларига қўшимча равишда ўқувчи-ёшлар жалб этилмоқда.

Ҳафталик доирасида 7-11 синф ўқувчилари ва масъуллардан иборат гуруҳлар ўз ҳудудларидаги тарихий обидалар, Тошкент шаҳридаги ўқувчилар Самарқанд шаҳрининг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишмоқда.

Жорий йилнинг 4-5 январь кунлари темир йўл транспорти орқали Тошкент шаҳридан 200 нафардан зиёд ўқувчи ёшлар ва масъуллардан иборат гуруҳ Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга саёҳатлари ташкил этилди.

Шунингдек, хоразмлик ўқувчилар Хива шаҳридаги Нуруллабой саройи, Ичан қалъа, фарғоналик ўқувчилар Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройи, қашқадарёлик ўқувчилар Оқсарой, Кўкгумбаз обидаси, Амир Темур моддий маданият музейи, сурхондарёлик ўқувчилар Aл-Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат мажмуа ва зиёратгоҳларига саёҳат қилишди.

Ҳозирга қадар “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида (маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан ҳисоблаганда) 24 000 дан зиёд ўқувчи-ёшларнинг саёҳатлари ташкил этилди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu