Самарқанд шаҳрида ўтаётган халқаро Форумда бола ҳуқуқлари соҳасида юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди

5 декабрь 2022 йил
image

Айни вақтда Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумининг дастлабки иш куни ўз ишини бошлади. Унда БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган ташаббус асосида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинмоқда.

Мазкур тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ ва бошқа халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар вакиллари, 30 дан ортиқ давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи экспертлари, профессор-мутахассислари иштирок этишмоқда.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражапов сўзга чиқиб, бола ҳуқуқлари соҳасида Халқ таълими вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, ҳозирда мамлакатимиз умумтаълим мактабларида таълим 7 та тилда, (ўзбек, рус, қорақалпоқ, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман) олиб борилади. Мактаб ўқувчилари учун дарсликлар ҳам 7 та тилда чоп этилади.

Умумтаълим мактабларининг 8-, 10-, 11-синфларида “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи”, 9-синфда “Конституциявий-ҳуқуқ асослари” фанлари ўқитилмоқда. 1-4-синфларда ‘‘Конституция алифбоси” курси, 5-6-7-синфларда “Конституция оламига саёҳат” курси тегишли фанлар таркибидаги мавзуларга сингдирилган ҳолда ўқитиб келинмоқда.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун мавжуд 90 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида айни вақтда ногиронлиги бўлган 23 779 нафар бола таълим олмоқда.

2021/2022-ўқув йилида республикада илк маротаба тажриба сифатида ҳудудларнинг марказидаги шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида биттадан умумтаълим мактабларида (жами 35 та) инклюзив таълим тизими жорий этилди ва унда 122 нафар болалар таълим олиши таъминланди. 2022-2023 ўқув йилида 334 нафар ўқувчи 116 та инклюзив мактаб таълимига қамраб олинди.

Қайд этилганидек, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда инклюзив таълим тизими жорий қилинган умумий ўрта таълим муассасалари улуши жами мактабларнинг 51 фоизига, инклюзив таълим шартларида таълим олаётган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар улуши 40 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Тадбир давомида вазир ўринбосари Ваҳобжон Ражапов болалар ҳуқуқлари ҳамда уларнинг сифатли таълим олишлари, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида юртимизда олиб борилаётган бошқа жараёнларга доир муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Форум тадбирлари жорий йил 6 декабрга қадар давом этади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu