Сайт тест режимида ишламоқда

Халқ таълими соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ҳамда аниқланган молиявий хато ва камчиликлар ҳақида маълумот берилди

5 декабрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда вазирлик раҳбарияти, масъул мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Халқ таълими вазирлиги масъуллари томонидан халқ таълими тизимида коррупцияга оид қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш борасида вазирлик томонидан олиб борилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Таъкидланганидек, вазирликнинг Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш шўъбаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалардаги вакиллари томонидан “комплаенс-назорат” (compliance control) тизими асосида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, таҳлика-таҳлилларга (риск-анализ) асосланган ўрганишлар ҳамда масофадан мониторинг қилиш мобайнида қайд этилган шубҳали ҳолатлар таҳлил қилиниб, вазирлик фаолиятидаги молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Натижада жорий йил 11 ой давомида соҳадаги жами 635,8  млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олиниб, бартараф этилишига эришилган. Жумладан, таълим муассасаларининг 2022 йил учун тасдиқланган штатлар жадвали ва харажатлар сметасини режалаштиришда ортиқча киритилган 154 млрд. сўм маблағ мақбуллаштирилди.

Назорат тадбирлари давомида умумтаълим муассасаларида ҳисобга олинмаган янги ва реконструкция қилиш орқали фойдаланишга топширилган бино иншоотлар ҳисобига ҳосил бўлган 481,9 млрд. сўмлик асосий воситалар ва товар-моддий бойликлар ўрнатилган тартибда бухгалтерия балансига киримга олиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган талон-торожлик ҳолатлари олди олинди.

Жорий йил январь-ноябрь ойларида таълим муассасаларида Вазирликнинг Ички аудит хизмати томонидан ўтказилган 638 та назорат тадбирларида 70,9 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиш (12,2 млрд. сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилояти Денов туманида ўтказилган назорат тадбирида туман халқ таълими бўлимининг бухгалтерия хизмати масъул ходимлари томонидан иш ҳақи учун олинган 2,8 млрд. сўм нақд пул ва фуқароларнинг шахсий кредитларини сўндириш ҳамда омонатга жойлаштириш орқали 6,9 млрд. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирганлиги аниқланди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида 551,0 млн.сўм, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 27,0 млн.сўм, Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида 10,9 млн.сўм бюджет маблағларининг ўзлаштирилишига йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, вазирликнинг Ички аудит хизмати ва Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат шўъбаси мутахассислари томонидан жорий йил октябрь ойида Тошкент вилояти, Бўка тумани халқ таълими бўлими тизимидаги муассаса ва ташкилотларда соҳага доир қонунчиликка риоя этилиши юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди. Текшириш якуни бўйича, туман халқ таълими бўлими мансабдор шахслари томонидан 2 млрд. 351 млн. 580,5 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида таркибида жиноят аломатлари бўлган барча ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

Шунингдек, тадбирда вазирлик томонидан амалга оширилган таҳлиллар натижасида Халқ таълими тизимидаги фаолият жараёнларини очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам зарур маълумотлар айтиб ўтилди.

Ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” доирасида мавзуга оид саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Тадбир якунида таъкидланганидек, Халқ таълими вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни самарали ишлатилишини таъминлаш, тизимдаги коорупцион хавф-хатарлар, молиявий хато ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларни олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар тизимли равишда давом эттирилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu