Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар яратган маҳсулотлар “Болалар меҳри билан яратилган” кўргазма қатнашчиларида катта таассурот қолдирди

1 декабрь 2022 йил
image

Пойтахтимиздаги 52-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари яратган маҳсулотлар ана шундай номланади.

Имконияти чекланган инсонларга ғамхўрлик қилиш ва уларга меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизга хос бўлган эзгу одатлардан бири. Шунга ҳамоҳанг равишда давлатимиз томонидан бугунги кунда алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг ҳар томонлама муносиб таҳсил олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган 52-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда ҳозирда мазкур ғамхўрликни юракдан ҳис қилиб яшаётган 198 нафар ўқувчи таҳсил олиб келмоқда.

“3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан ушбу таълим даргоҳида бугун ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари бу ердаги болажонларнинг чинакам маънодаги байрамига айланиб кетди.

Тадбир аввалида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган турли кўринишдаги маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда қўл меҳнати ёрдамида яратилган уй-рўзғор буюмлари, тикувчилик ва каштадўзлик маҳсулотлари, болалар ва катталар учун турли кўринишдаги кийим безаклари намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

“Болалар меҳри билан яратилган” ёрлиғи туширилган мазкур маҳсулотларда чинакам маънода болажонларнинг катта меҳнати ва меҳри акс этиб турибди.

— Мактабимизда 23 та синфхона мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси ижтимоий-маиший ва тикувчилик йўналишларига мослаштирилган. У ерда қизларимиз турли кўринишдаги кийим-кечак, уй-рўзғор учун зарур буюмлар ҳамда пишириқлар тайёрлашади”, — дейди мактаб директори Муқаддас Нурмуҳаммедова. — Шунингдек, мактабимиздаги 2 та дурадгорлик ва 2 та чилангарлик хоналарида ўғил болалар хўжалик ишлари ва деҳқончилик учун зарур иш қуролларини устозлари ёрдамида яратишади.

Байрам дастури давомида Халқ таълими вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда ота-оналар сўзга чиқишиб, ўқувчиларга ўз тилакларини билдириб ўтди. Шунингдек, ҳомийлар томонидан болажонлар учун қишги кийимлар, ногиронлик аравачалари ҳамда турли эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбир сўнггида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган куй-қўшиқ ва саҳналаштирилган театр дастурлар намойиши бўлиб ўтди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu