Ўзи таҳсил олган мактабни 2,4 млрд сўм шахсий маблағи ҳисобидан таъмирлаб берган тадбиркор "Таълим ҳомийси" кўкрак нишони билан тақдирланди

17 ноябрь 2022 йил
image

“Rossvik Tashkent”  масъулияти чекланган жамияти директори, “FASSOMA” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Сирожиддин Холияров мактабларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатига айлантириш борасида соҳа ривожига муносиб қўшган ҳиссаси учун "Таълим ҳомийси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Кўкрак нишони Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов томонидан топширилди.

Тадбиркор ўзи таҳсил олган Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги 37-мактаб ўқув биносини шахсий маблағлари эвазига таъмирлади. Хусусан, тадбиркор томонидан мактаб ўқув биноси, спорт зали таъмирланиб, кичик замонавий футбол майдончаси ва ошхона қуриб берилди. Мактабнинг электр жиҳозлари, мактаб атрофидаги панжаралари алмаштирилди. Ўқув биносининг синфхоналари жиҳозланиб, мактаб атрофи ободонлаштирилди. Бинонинг иситиш тизими янгиланиб, мактаб атрофи ва ички йўлаклари асфальт қилинди. Замонавий кутубхона ва тадбиркор томонидан олиб берилган китоблар ҳам ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун хизмат қилади.

Кўплаб хайрли саъй-ҳаракатлар ташаббускори Сирожиддин Холияров мактаб ҳомийси сифатида нафақат Қашқадарё вилоятида балки Республикамизнинг барча ҳудудларида катта эътироф ва ҳурматга сазовор бўлиб келмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, Халқ таълими вазирлиги Сирожиддин Холияров сингари мактаб ривожига ҳисса қўшаётган юртдошларимизга ўз миннатдорлигини билдиради.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu