ЮНЕСКО бош директори ўринбосари Стефания Жаннини Тошкент шаҳридаги 60-мактаб ўқувчиларининг билим ва дунёқаришини юксак баҳолади

16 ноябрь 2022 йил
image

Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва ўқув дастурлари сифатини янада ошириш мақсадида қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, болаларни мактабгача таълимга қамров даражасини 80 фоизга етказиш, мактаб таълимидаги ўқув дастурлар, дарсликларни янги авлоди, ўқитувчиларни тайёрлаш, ўқувчиларни мантиқий фикрлайдиган интелектуал салоҳиятли баркамол авлод этиб тарбиялаш борасида зарур қадамлар қўйилмоқда.

Ушбу мавзудаги муҳим фикрлар Давлатимиз раҳбарининг куни кеча “Эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш” мавзусидаги II Бутунжаҳон конференцияси очилиш маросимида қилган маърузасида ҳам қайд этиб ўтилди.

ЮНЕСКО бош директорининг ўринбосари Стефания Жаннини мазкур жараёнларнинг амалий натижаси билан яқиндан танишиш мақсадида бугун Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 60-сонли мактаб фаолияти билан танишди.

Стефания Жаннини мактаб ўқувчиларининг инглиз ва немис тилларида равон сўзлаган ҳолда, мазкур таълим муассасасидаги ижобий ўзгаришлар, янги дасрликлар, дарс машғулотларини янада қизиқарли ўтиш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, ўқувчилар мактабда яхши билим олиб, мамлакатимизни энг ривожланган мамлакатлар даражасига олиб чиқиш учун муносиб билим олишга ҳаракат қилишаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Меҳмон мактаб маъмурияти ва педагоглар билан мулоқот қилиб, ўқувчиларнинг билим ва дунёқаришига, ўз олдиларига қўйган келажак мақсадларини юксак баҳолади.

Тадбир сўнггида истеъдодли ўқувчилар томонидан бадиий дастур намойиш этилди.

Эртага конференция иштирокчилари Самарқанд, Хива ва Бухоро шаҳарларидаги мактаблар фаолияти билан ҳам танишишлари режалаштирилган.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu