Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегация аъзолари бугун Тошкент шаҳридаги немис тилига ихтисослаштирилган 60-мактаб фаолияти билан яқиндан танишди.
Делегация аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов ва Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамроҳлик қилди.
Мактаб фаолияти билан танишиш давомида ўқув муассасасида олиб борилаётган таълим методлари ҳамда ўқувчиларнинг индивидуал имкониятларини юзага чиқариш борасида йўлга қўйилган ўзига хос таълим усуллари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Ташриф доирасида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок мактаб ўқувчилари билан немис тилини ўрганиш ва унинг ўзига хос жиҳатлари, ёшларнинг бугунги ҳаётий мақсадлари ва келажак орзулари хусусида суҳбатлашди.
Айтиш лозимки, айни вақтда Ўзбекистоннинг 974 та мактабида жами 236 114 нафар ўқувчи немис тилини ўрганади, 3 мингдан ортиқ ўқитувчи ушбу тилдан дарс беради.
Тадбир давомида Германиянинг молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилган “Қуёшли мактаб” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мактаб мажлислар залида ўтказилган тақдимот давомида бу каби энергия тежовчи ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайдиган “Қуёшли мактаб” лойиҳаси Германиянинг молиявий кўмагида Россиянинг 7 та, Қозоғистоннинг 2 та ҳамда Ўзбекистоннинг 1 та мактабида амалиётга жорий этилган.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок мактаб фаолияти билан танишиш асносида ўқувчиларнинг немис тилини билиш даражасини юксак баҳолаб, эътироф этди.