Халқ таълими вазири Янгибозор туманидаги учта мактабда бўлди

28 октябрь 2022 йил
image

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳнинг жойлардаги умумтаълим мактаблари фаолиятини ўрганиш ишлари бугун Хоразм вилоятида олиб борилмоқда.

Дастлабки манзил сифатида вилоятнинг Янгибозор туманидаги 4-умумтаълим мактабидаги таълим-тарбия жараёнлари ҳамда бу ерда ўқувчиларга яратиб берилган шароитлар кўздан кечирилди.

Айтиш жоизки, 2021 йилда мукаммал таъмирдан чиқарилган мактабда ўқувчиларнинг замонавий билим эгаллашлари учун барча қулайликлар яратилган. Шу боисдан ўқув муассасаси педагоглари яратиб берилган мазкур имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, ўқувчиларга сифатли таълим бериш, уларни ватанпарвар ва маънавий етук шахс сифатида камолга етказишни асосий мақсад этиб белгилашган.

Вазир мактабнинг 11-синф ўқувчилари иштирокидаги дарс жараёнларида қатнашиб, мазкур вазифалар қандай амалга оширилаётганлиги билан қизиқди. Ўқувчиларнинг келажак мақсадлари билан бир-бир танишар экан, “Сизлар мамлакатимизнинг эртанги кучисиз, шу сабабдан сизларнинг бугун ўз олдингизга қандай мақсад қўйишингиз, танлаган касбингиз нафақат ўзингиз, балки яқинларингиз, халқимиз учун ҳам жуда муҳимдир”, — дея уларни янада тиришқоқлик билан билим олишга ундади.

Туманнинг чекка ҳудудида жойлашган 21-умумтаълим мактабида олиб борилган ўрганишлар давомида бу ерда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, хусусан, иситиш учун ўрнатилган электр энергияси ускуналари кўздан кечирилди.

Вазир ўрганиш жараёнларида иштирок этаётган Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбоновга электр энергия сарфини камайтириш учун мактаб ҳудудида тежамкор қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

Мактабнинг 10-11-синф ўқувчилари билан суҳбат давомида уларнинг математика, кимё, биология, физика фанларидан олган билимлари синовдан ўтказилди. Мактаб ўқитувчилари томонидан ўқувчиларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ўзига хос тажриба сифатида болаларнинг ёшига мос равишда “Адабиётлар рўйхати” эълон қилиниб, тарғибот ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди.

Туманнинг мазкур мактабларида ўқиётган ҳамда ўзаро савол-жавобларда фаол иштирок этган икки нафар ўқувчига ноутбук, 21-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчисига спортда эришган муваффақиятлари учун ноутбук тақдим этилди. Шунингдек, мазкур мактаб ўқувчилари учун Текбол столи берилиши маълум қилинди.

Тумандаги 14-умумтаълим мактабида ўтказилган ўрганишлар давомида ўқувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида 2023 йилги Инвестиция дастури доирасида ушбу ўқув масканида реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланди.

Мактабдаги педагоглар билан мулоқотда соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тизимни такомиллаштириб бориш, ўқувчиларни ўқитиш сифати ҳамда педагогларни касбий маҳоратини ошириш бўйича зарур таклифлар ўртага ташланди.

Вазир ҳамда Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбонов “Яшил макон” акцияси доирасида ҳудуддаги 4-сонли ва 21-сонли мактаблар ҳудудида жойлашган боғ ҳудудида турли дарахт кўчатларини экишди.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu