Ўзбекистонда ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслар ташкил этилади 

24 октябрь 2022 йил
image

Кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида “Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори имзоланди.

Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий мақомини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ундан мулоқот воситаси сифатида фойдаланишни рағбатлантириб бориш, таълим дастурларига қўйиладиган давлат талабларини такомиллаштириш, ушбу тилни ўрганишда замонавий ахборот технологиялар, инновацион воситалар ва усулларни кенг қўллаш этиб белгиланди. 

Бундан ташқари Қарор билан кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларга телевизион дастурлар, фильмлар, театр ва бошқа маданий тадбирларнинг улар учун қулай форматларда бўлишини, шу жумладан сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. 

Қарорга кўра, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб, талаблардан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда “Ишга марҳамат” мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Махсус ўқув курсларида кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар ҳамда ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар – бепул, қолган шахслар – пуллик асосда ўқитилади.

Махсус ўқув курсларида ўқиш истагини билдирган шахслар Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг махсус ахборот платформасида онлайн рўйхатдан ўтади, ўқув курсини муваффақиятли тамомлаб, якуний назорат имтиҳонларини топширган таълим олувчиларга тегишли даражадаги давлат намунасидаги сертификат берилади.

Шунингдек 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб, давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоиз ҳажмидаги кўрсатувлар сурдотаржима, яширин субтитрлар ёки “югурувчи сатрлар” билан намойиш этилади.

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига ўқишга қабул қилишда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар томонидан хорижий тилни билиш бўйича миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатни тақдим этиш талаб этилмайди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашаётган эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентлар мажбурий тартибда сурдотаржимон хизматлари билан таъминланади.

Шунингдек 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига фақат дарс ўтиладиган имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ишга қабул қилинади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu