Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради

20 октябрь 2022 йил
image

Бугун Халқ таълими вазирлиги томонидан Шеробод туманида ташкил этилган “Сайёр қабул”да асосий эътибор ҳар бир мурожаат қилган фуқаронинг масаласини тинглаб, унинг ечими юзасидан аниқ чораларни белгилашга қаратилди.

Қабулда 25 нафардан ортиқ фуқаронинг соҳага оид 19 та масала юзасидан мурожаати тингланди.

Қабул қилинган 19 та мурожаатдан 12 таси жойида ҳал қилинди.

Жумладан, фуқаро О.Давлатованинг мурожаати асосида фарзанди Шеробод туманидаги 42-сонли мактабга ишга қабул қилинди.

Яна бир фуқаро М.Маҳсумовнинг мурожаати асосида Шеробод туманидаги 35-сонли мактабга қўшимча бино қуриш бўйича 2023 йилги Инвестиция дастурига киритиш учун таклиф берилади. Фуқаро Г.Жўраеванинг мурожаати асосида Шеробод тумани 45-сонли мактабни ҳам Дастурга киритиш чоралари кўриладиган бўлди.

Бундан ташқари, Шеробод туманида жойлашган 30, 13, 37, 12-сонли умумтаълим мактабларига спорт зал қуришни келгуси йилларда вилоят ва туман ҳокимликлари билан бирга ҳал этиш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Сайёр қабулга келган ҳар бир фуқарога мамлакатимизнинг бугунги сиёсати, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқни рози қилиш, бунинг учун маҳаллабай муаммолар ўрганилиб, масалаларни ҳал этиш учун маблағлар ажратилаётгани, шу қаторида мактабларга ҳам эътибор қаратилаётгани тушунтирилди.

Вазир “Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётиши, унга бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги, бугун Давлатимиз раҳбари томонидан вазирлар, ҳокимлар пастга тушиб аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш лозимлиги юзасидан топшириқ берилганлигини таъкидлаб, Сайёр қабуллар давом этишини маълум қилди.

Қабулда йўлланган 7 та масалани жойига чиқиб ўрганилганидан сўнг, аниқ ечими бўйича таклиф бериш тўғрисида вилоят ва туман халқ таълими бўлими бошлиқларига топшириқлар берилди.

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu