Халқ таълими вазири Қумқўрғон туманида ўтказилган “Сайёр қабул”да фуқароларнинг ўттизга яқин мурожаатларини кўриб чиқди

20 октябрь 2022 йил
image

Хабар берилганидек, Сурхондарё вилоятида халқ таълими тизимида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва бевосита фуқароларнинг ўзидан эшитиш учун Қумқўрғон туманида “Сайёр қабул” ўтказилди. Қабулда вазир Бахтиёр Саидов мутасадди ходимлар билан иштирок этиб, 30 нафардан ортиқ фуқароларнинг соҳага оид 26 та масала юзасидан мурожаати тингланди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимизнинг бугунги сиёсати халқни рози қилиш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, “Инсон қадри учун” тамойилига таянган ҳолда қуйи бўғин, маҳалла ва мактабгача эътибор қаратилиб, масалага ечим топишга йўналтирилган.

Қабул қилинган 26 та мурожаатдан 20 таси жойида ижобий ҳал этилди. Жумладан, фуқаро Н.Холбоеванинг мурожаати асосида Қумқўрғон туман халқ таълими тасарруфидаги бугунги кунда фойдаланилмаётган собиқ коллеж биноси жойига чиқиб ўрганилди.  Келгусида навбатлилик коэффициенти юқори бўлган яқин атрофдаги мактаб ўқувчилари учун алоҳида мактаб ташкил этиш ҳамда ушбу маҳалла аҳолиси учун коллежнинг фойдаланилмаётган ётоқхона биносида мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиладиган бўлди.

Шунингдек, бир гуруҳ ота-оналар мурожаати асосида Шўрчи туманидаги 66-умумтаълим мактаби фаолиятини қайта ташкил этиш ва биносини таъмирлаш, педагогларнинг иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласи ҳал этилди.

Фуқаро Меҳринисо Қурбонназарованинг Шўрчи туманидаги махсус таълим муассасасига ишга жойлаштириш масаласида амалий ёрдам кўрсатилиб, алоҳида назоратга олинадиган бўлди.

Шу мазмунда мурожаат этган Манзура Умарова олий таълим муассасасида ўқишини тамомлаб, мутахассисликка эга бўлганидан сўнг уни муносиб иш билан таъминланишига келишилди.

Яна бир фуқаро мурожаати асосида Қумқўрғон туманидаги 9-умумтаълим мактабига керакли спорт анжомлари етказиб бериладиган бўлди.

Сайёр қабулда мактабларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги мактаб ёки қўшимча бино қуриш билан боғлиқ фуқароларнинг мурожаатлари вилоят ва туман ҳокимликлари билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Келгуси йилларда Инвестиция ва маҳаллий дастурларга киритган ҳолда ҳал этилиши маълум қилинди.

6 та масала бўйича фуқароларнинг мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилганидан сўнг уни ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқ берилди.

“Сайёр қабул” бугун Шеробод туманида бўлиб ўтади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu